Қуролни ихтиёрий топшириш — жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам
Ноқонуний муомаладаги қурол-яроғ ва портловчи воситалар ҳар қандай жамият хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Шу боис, дунё мамлакатлари бу хавфни камайтиришнинг турли ҳуқуқий механизмларини қўллаб келмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борада яна бир муҳим қадам ташланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 7 июлдаги тегишли қарори билан рўйхатга олинмаган қурол ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи материаллар ҳамда портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ихтиёрий равишда топшириш ва бундай фуқароларни рағбатлантириш тартиби тасдиқланди.
Янги тартибнинг асосий мақсади жазолаш эмас, балки аҳоли ихтиёрида турли сабаблар билан сақланиб қолган рўйхатга олинмаган қуролларни қонуний тарзда давлат назоратига қайтаришдир. Бу эса ноқонуний қуроллар сонини қисқартириш, жиноятчилик хавфини камайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Низомга мувофиқ, жисмоний шахс ёки юридик шахс раҳбари рўйхатга олинмаган қурол ёки портловчи воситаларни ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида қарор қабул қилиб, ички ишлар органларига оғзаки ёки ёзма мурожаат қилса, у мазкур ашёларни ўз хоҳиши билан топширган деб ҳисобланади. Бу эса фуқаролар учун ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ва шаффоф тартибни белгилайди.
Қуролни топшириш жараёнида хавфсизлик талабларига алоҳида эътибор қаратилган. Қурол қисмларга ажратилган, патронларидан бўшатилган ва бегона шахслар кўра олмайдиган тарзда ўралган ҳолда ички ишлар органларига тақдим этилиши лозим. Бу талаблар қуролни ташиш ва қабул қилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат — ихтиёрий равишда қурол топширган шахсларнинг моддий рағбатлантирилиши. Минтақавий техник комиссия ҳар бир ҳолатни кўриб чиқиб, пул мукофоти тайинлаш ёки рад этиш, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда қуролни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бериш масаласини ҳал қилади. Пул мукофотлари ички ишлар органлари раҳбарларининг буйруғи асосида тўланади.
Халқаро тажриба ҳам қуролларни ихтиёрий топшириш дастурлари самарали эканини кўрсатади. Кўплаб давлатларда айнан шундай механизмлар орқали минглаб ноқонуний қуроллар муомаладан чиқарилган ва жамоат хавфсизлиги мустаҳкамланган. Ўзбекистонда жорий этилаётган мазкур тартиб ҳам шу мақсадга хизмат қилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора сифатида аҳамият касб этади.
Энг муҳими, мазкур қарор фуқароларда ҳуқуқий онг ва масъулиятни оширишга ҳам хизмат қилади. Ноқонуний қуролни яшириш эмас, балки уни давлат органларига ихтиёрий равишда топшириш рағбатлантирилаётгани хавфсиз жамиятни барпо этишга қаратилган ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА