Ўзбекистон-АҚШ: Мисни бойитиш соҳасида ҳамкорлик имкониятлари ўрганилмоқда
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида АҚШнинг “FLUOR Corporation” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда мамлакатимиз тоғ-кон саноатини технологик жиҳатдан модернизация қилиш, мисни бойитиш жараёнларига замонавий технология ва муҳандислик ечимларини жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида “FLUOR Corporation” вакиллари компаниянинг фаолияти, халқаро миқёсда амалга оширган йирик лойиҳалари ҳамда тоғ-кон ва металлургия соҳасида тўплаган тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, “FLUOR Corporation” АҚШнинг муҳандислик, лойиҳалаш, харид, қурилиш ва лойиҳаларни бошқариш соҳаларида фаолият юритувчи йирик халқаро компаниялардан бири. У кўп йиллик фаолияти давомида дунёнинг турли мамлакатларида йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Компаниянинг муҳим фаолият йўналишларидан бири тоғ-кон ва металлургия саноати бўлиб, “FLUOR Corporation” мис, олтин, темир рудаси, литий, никель ҳамда бошқа стратегик минералларни қазиб олиш ва қайта ишлашга қаратилган лойиҳаларда иштирок этади. Шунингдек, компания маъданни майдалаш ва бойитиш, металлургик қайта ишлаш ҳамда рафинация жараёнлари бўйича замонавий муҳандислик ечимларини таклиф этади.
Шундан келиб чиқиб, томонлар учрашувида юртимизда мисни бойитиш жараёнида замонавий технологияларни қўллаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларининг самарадорлигини ошириш, технологик жараёнларни оптималлаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар соҳада инновацион ечимларни жорий этиш, мисни қайта ишлашда илғор хорижий тажрибадан фойдаланиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, мулоқот сўнгида тоғ-кон саноатида замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган истиқболли йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, ўзаро манфаатли лойиҳалар бўйича мулоқотларни изчил олиб боришга келишиб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА