Сунъий интеллект орқали бошқарув самарадорлиги оширилади
Хитой Халқ Республикасининг Нуанчан шаҳрида "Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект ва давлат бошқарувини модернизациялаш" мавзусидаги халқаро семинар бўлиб ўтмоқда.
Унда ўзбекистонлик мутахассислар ва турли мамлакатларнинг давлат органлари вакиллари иштирок этиб, сунъий интеллект технологияларини давлат ва ижтимоий бошқарувга жорий этиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганмоқда.
Тадбир кун тартибидан сунъий интеллект (СИ)нинг асосий тушунчалари ва замонавий технологиялари, уларни давлат бошқарувида қўллаш механизмлари, ижтимоий бошқарувда СИ ечимларидан фойдаланиш, давлат хизматларини оптималлаштириш, СИ лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқариш, маълумотларни бошқариш, сунъий интеллект этикаси ҳамда Хитойнинг СИ соҳасидаги стратегияси каби долзарб масалалар ўрин олган.

Дастур маърузалар, амалий машғулотлар, кейс-таҳлиллар, очиқ муҳокамалар ва тажриба алмашиш шаклларида ташкил этилмоқда. Бу эса иштирокчиларга назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, давлат бошқарувида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг самарали ёндашувлари билан бевосита танишиш имконини бермоқда.
Дастур доирасида иштирокчилар Шэньчжэнь, Гуанчжоу ва Цзюцзян шаҳарларидаги тегишли давлат ташкилотлари ва корхоналар фаолияти билан танишади. Сунъий интеллект ва рақамли технологияларни амалиётга жорий этиш тажрибасини ўрганади.

Семинарнинг амалий аҳамияти шундаки, иштирокчилар сунъий интеллектни давлат бошқаруви, давлат хизматлари ва ижтимоий бошқарув жараёнларига жорий этиш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиб, уни миллий шароитга мослаштиришга хизмат қиладиган янги ёндашув ва амалий ечимларга эга бўлади.
Бу каби халқаро дастурлар рақамли трансформация жараёнларини чуқурлаштириш, бошқарув қарорларининг сифатини ошириш ва замонавий технологиялар асосида бошқарувнинг янги моделларини шакллантириш учун муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА