Сув хўжалиги соҳасида илм ва амалиёт уйғунлиги
Қизилтепа туманида Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Бухоро минтақавий маркази илмий ходимлари иштирокида амалий семинар ўтказилди.
Таъкидланганидек, сув – қишлоқ хўжалиги учун ҳосил ва ризқ-рўзнинг асосий манбаларидан бири. Айниқса, сув танқислиги тобора сезилаётган бугунги шароитда мавжуд сув захираларидан оқилона фойдаланиш, уни адолатли тақсимлаш ва ҳар бир томчисини тежаб ишлатиш муҳим вазифага айланмоқда. Бу борада соҳада илм-фан ютуқларини амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинарда канал бошлиқлари, гидрометрлар, гидротехниклар ва соҳанинг масъул ходимлари иштирок этиб, ирригация ва мелиорация объектларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш ва истеъмолчилар ўртасида адолатли тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.
– Сувни тежаш фақат замонавий технология ўрнатиш билан чекланмайди, – дейди Қизилтепа туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Адҳам Фаттоев. – Аввало, канал ва ариқларнинг ҳолати яхши бўлиши, сув йўқотишларининг олди олиниши, ҳар бир ҳудудга қанча сув кераклиги аниқ ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Шу жиҳатдан кузги-қишки мавсумда ирригация тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш келгуси мавсум учун муҳим тайёргарликдир. Шу боис тадбирларни белгиланган муддатда ва сифатли бажариш учун аниқ режа-графиклар ишлаб чиқилиб, масъулларга вазифалар белгилаб берилган.
Қизилтепа туманида ҳам бу борада муайян ишлар бошлаб юборилган. Кузги-қишки тадбирлар доирасида 46 километр хўжаликлараро канални тозалаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар унинг 8 километрида ишлар бажарилди. Фермер ва кластерлар балансидаги ички ариқларнинг умумий узунлиги эса 741 километрни ташкил этади. Белгиланган вазифалар доирасида ҳозиргача 35 километр ички ариқ тозаланди.
Семинарда 2026-2027 йиллардаги кузги-қишки ирригация тадбирларини самарали ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мутахассислар томонидан канал ва ариқларни тозалаш, сув иншоотларидан самарали фойдаланиш, сувни ҳисобга олиш ҳамда тақсимлаш жараёнларини такомиллаштириш бўйича илмий ва амалий тавсиялар берилди. Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган тавсиянома ва услубий кўрсатмалар соҳа ходимларига етказилди.
Семинарда сув хўжалигининг барча йўналишлари атрофлича таҳлил қилиниб, йил якунига қадар белгиланган индикатор кўрсаткичларга эришиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири