Оғир атлетика: Осиё чемпионати бошланди
Бугун, 7 август куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари бошланди.
30 га яқин давлатнинг 400 нафардан зиёд спортчилари иштирок этаётган чемпионатнинг бугунги мусобақалар дастурига кўра, куннинг илк баҳслари йигитлар ўртасидаги -60 ва -65 кг. вазн тоифаларининг “C” гуруҳи иштирокчилари ўртасида бўлиб ўтади.

Шунингдек, кун давомида қизлар ўртасидаги -45 кг. вазн тоифасининг “А” гуруҳи спортчилари медаллар учун баҳсларга киришади. Мазкур вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини Солиҳа Баҳодирова ҳимоя қилади.
Йигитлар ўртасидаги -55 кг. вазн тоифасининг “А” гуруҳи баҳсларида ҳамюртимиз Баҳодир Бекпўлатов медаллар учун кураш олиб боради.
Қитъа чемпионати мусобақалари 14 августга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА