Фарғонада спорт мактабларини бошқаришнинг янги тизими тақдим этилди
Фарғона вилоятида спорт мактаблари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, оммавий спорт қамровини кенгайтириш ҳамда иқтидорли ёшларни саралаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги бошқарув механизмини амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тадбирда Президент Администрацияси, Спорт вазирлиги ва вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари, шунингдек, ҳудуддаги спорт мактаблари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, тренер-селекционерлар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида спорт мактабларини бошқаришнинг янги тартиби, оммавий спортни ривожлантириш, аҳолини мунтазам жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, спорт мактаблари директорларининг оммавий спорт ва селекция ишлари бўйича ўринбосарлари, тренер-селекционерларнинг хизмат вазифалари, улар фаолиятини самарадорлик мезонлари асосида баҳолаш ҳамда рағбатлантириш тартиби ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Тадбир якунида янги тизимни ҳудудларда самарали жорий этиш, спорт мактаблари фаолияти сифатини ошириш, селекция ишларини кучайтириш ва иқтидорли спортчилар захирасини кенгайтириш юзасидан амалий вазифалар белгилаб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА