Носир Шукуров: Геология соҳасини янада юксалтириш учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз
Жорий йил 4 апрель куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга асосан ушбу соҳа вакилларининг бир гуруҳи давлат мукофоти билан тақдирланди.
Геология фанлари университетида мамлакатимиз геология соҳаси ходимларини ушбу давлат мукофотлари билан тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Соҳа раҳбарлари, олимлар, мутахассислар, илмий изланувчилар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этган тадбир аввалида Президентимизнинг Ўзбекистон геология соҳаси ходимларига йўллаган байрами табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг, тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов ҳамда бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар геология тизими тараққиётида янги босқични бошлаб берганини таъкидлади. Қайд этилганидек, бугунги кунда соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, қидирув ишларини янги босқичга олиб чиқиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-28666]
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз геология соҳасида кўп йиллик самарали меҳнат қилган, қазилма бойликлар геологияси, қидирув ва тадқиқот ишларини ривожлантириш, стратегик аҳамиятга эга минерал ресурсларни аниқлаш, янги конлар ва хомашё захираларини замонавий технологиялар асосида ўзлаштириш, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ соҳа вакиллари муносиб рағбатлантирилди.
Бундай юксак эътироф, шубҳасиз, геология соҳаси вакилларини янада катта ғайрат ва масъулият билан меҳнат қилишга ундайди. Зеро, юртимизда умумий баҳоси тахминан 3 триллион долларга тенг бўлган 2 минг 500 дан ортиқ кон ва 3 мингдан зиёд истиқболли майдон аниқлангани Ўзбекистон улкан минерал-хомашё салоҳиятига эга давлат эканини яққол намоён этмоқда.
Сўнгги йилларда ана шу бой захираларни самарали ўзлаштириш, иқтисодиёт тармоқларини хомашё билан таъминлаш ва янги қиймат занжирларини яратиш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, халқаро стандартлар жорий этилмоқда, соҳа инвестициявий жозибадорлиги оширилмоқда, олтин, кумуш, мис, уран ва углеводород конлари ҳамда истиқболли майдонлар хорижий сармоядорлар учун очилмоқда. Солиқ юкининг енгиллаштирилиши ва қулай шарт-шароитлар яратилиши натижасида бугунги кунда умумий қиймати 30 миллиард 700 миллион доллар бўлган 90 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Президент фармонига мувофиқ, Ҳ.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институтининг геокимё лабораторияси бошлиғи Носир Шукуров “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Тадбирда мукофотни қабул қилиб олган Носир Шукуров бу юксак эътирофни катта масъулият деб билишини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнатимизнинг эътироф этилиши биз, соҳа вакиллари учун беқиёс шараф ва катта ишончдир. Бу мукофотни мен фақат шахсий ютуғим эмас, балки йиллар давомида геология илми ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган бутун жамоамиз меҳнатининг юксак баҳоси, деб қабул қиламан. Юртимизнинг ер қаъридан янги бойлик манбаларини аниқлаш, замонавий илмий тадқиқотларни кенгайтириш, тизимга инновацион ёндашувларни жорий этиш ва ёш кадрларни тайёрлаш бундан кейин ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади. Биз бу ишончни оқлаш, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ва геология соҳасини янада юксалтириш учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз, – деди Носир Шукуров.
Тадбир якунида бир гуруҳ соҳа ходимларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА