Ногиронлиги бўлган шахсни ишга олган тадбиркорга қандай имтиёзлар берилади?
Ўз иш жойига ва ҳунарига эга бўлиш инсоннинг нафақат даромад манбаи, балки жамиятда ўрнини топиши, қобилиятини намоён этиши ва мустақил ҳаёт кечириши муҳим.
Шу боис ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозорига жалб этишда фақат иш изловчини қўллаб-қувватлашнинг ўзи етарли эмас. Бу жараёнда иш берувчилар учун ҳам рағбат ва имкониятлар яратилиши лозим.
Хўш, имконияти чекланган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлар учун қандай ёрдам турлари ва имтиёзлар мавжуд?
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилган тадбиркорга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида субсидия ажратилади. Бу механизм иш берувчи учун қўшимча рағбат бўлиши билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг доимий иш ўринларига эга бўлишига хизмат қилади. Яъни, меҳнат бозорида имкониятлар тенглигини таъминлаш фақат ижтимоий вазифа эмас, балки тадбиркорни ҳам қўллаб-қувватлайдиган тизимга айланмоқда.
Қўллаб-қувватлаш фақат ишга қабул қилиш билан чекланмайди. Ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойида самарали фаолият юритиши учун зарур хизматларни ташкил этишда ҳам тадбиркорларга субсидия ажратилади. Жумладан, сурдотаржимон хизмати учун БҲМнинг 8 бараваригача, психолог хизмати учун БҲМнинг 10 бараваригача ҳамда ҳамроҳлик хизмати учун БҲМнинг 5 бараваригача миқдорида субсидия берилади.
Бу ерда масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилишнинг ўзи унинг меҳнат жараёнида тўлиқ иштирок этишини кафолатламайди. Айрим ҳолларда ходимга мулоқот қилиш, психологик мослашиш ёки иш жойига бориш-келишда қўшимча кўмак зарур бўлиши мумкин. Шунинг учун субсидиялар тизими ишга қабул қилишдан тортиб, ходимнинг меҳнат фаолиятини давом эттиришигача бўлган жараённи қамраб олишга қаратилган.
Меҳнат бозорида имкониятлар тенглиги айнан шундай ёндашувдан бошланади. Иш берувчи учун зарур шароит яратилса, ногиронлиги бўлган шахс учун эса муносиб иш ўрни ва зарур кўмак таъминланса, ижтимоий ҳимоя билан бандлик ўртасидаги узвий боғлиқлик янада мустаҳкамланади.
Энг муҳими, ногиронлиги бўлган шахс меҳнат бозорида фақат ёрдам олувчи эмас, балки ўз меҳнати, билими ва салоҳияти билан иқтисодий жараёнда иштирок этувчи фаол инсон сифатида намоён бўлиши учун имконият кенгаяди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА