Депутат ташаббуси билан Мустақилободда узоқ йиллик муаммолар ҳал этилди
Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Мустақилобод маҳалласида йиллар давомида аҳолини қийнаб келган бир қатор муаммолар бугун босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда. Бунга эса, аввало, аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиб, масалани туман Кенгаши муҳокамасига олиб чиққан ва депутатлик сўрови киритган шу ҳудуддан сайланган депутат Аҳмад Худойбердиевнинг ташаббуси туртки бўлди.
Гап, хусусан, маҳалладаги йўллар, электр таъминоти, суғориш тармоғи ва маҳалла идораси биноси билан боғлиқ муаммолар ҳақида бормоқда.
Президентимизнинг тегишли қарори асосида Касби туманидаги 6 та оғир маҳалла тегишли дастурга киритилган бўлиб, улардаги муаммоларни бартараф этиш учун зарур маблағлар йўналтирилмоқда. Шу асосда Мустақилобод маҳалласига республика бюджетидан 3 миллиард сўм ажратилди.
– Йўллар жуда абгор эди. Бу масала бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Оммавий қабулларда ҳам масала кўтарилди. Шунинг учун депутатлик сўрови киритиб, муаммонинг ечимига эришдик. Бугун одамларимиз амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан мамнун, – дейди туман Кенгаши депутати Аҳмад Худойбердиев.
Айни пайтда маҳаллада 4 километр асфальт йўл қурилди. Яна 8 километр йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизилмоқда. Бу, аввало, аҳоли йиллар давомида кутиб келган транспорт қатнови билан боғлиқ муаммоларни енгиллаштиришга хизмат қилади.
[gallery-31666]
Маҳалладаги учта қишлоқнинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида ҳар бир ҳудудга 250 киловольтли 3 та трансформатор ўрнатилмоқда. Шунингдек, 5 километр ҳаво электр узатиш тармоғи бетон устунлар билан янгидан тортилмоқда.
Муаммолар фақат йўл ва электр таъминоти билан чекланмайди. Шу пайтгача маҳалла идораси мактаб биносида фаолият юритган. Энди ҳудудда янги маҳалла биноси қурилмоқда.
Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши учун ҳам шароит яратилади. Хусусан, 388 та хонадоннинг 70 гектардан зиёд томорқа майдонини суғориш учун 1 километр лоток тортиш режалаштирилган.
– Бу ишлар аҳоли учун жуда керак эди. Айниқса, томорқаларни суғоришда сув масаласи анча қийинчилик туғдирарди. Лоток тортилиши билан одамлар ерларидан унумлироқ фойдаланиш имконига эга бўлади, – дейди Мустақилобод қишлоғи оқсоқоли Байрам Омонов.
Маълум қилинишича, Касби туманида дастур доирасида жами 88 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бу маблағларнинг маҳаллаларда аҳоли учун энг долзарб бўлган масалаларга йўналтирилаётгани эса депутатлик фаолиятининг жойлардаги мурожаатлар билан бевосита боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Мустақилободдаги ишлар мисолида ҳам бир ҳақиқат яққол кўринади: аҳолининг муаммоси жойида ўрганилиб, вакиллик органига олиб чиқилса ва унинг ечими изчил назорат қилинса, мурожаат қоғозда қолиб кетмай, аниқ натижага айланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари