Наманганда анъанавий халқаро турнир
Айни кунларда давом этаётган 65-халқаро гуллар фестивали доирасида Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида яна бир нуфузли анъанавий мусобақа бошланди. Шотокан каратэ-до бўйича старт олган олтинчи халқаро очиқ турнирда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, шунингдек, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган 500дан зиёд ёш ўғил-қизлар иштирок этмоқда.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон шотокан каратэ-до терма жамоаси шеф-инструктори, еттинчидан қора белбоғ соҳиби, етти карра жаҳон чемпиони Хўжамқул Хўжамқулов бу каби турнирлар ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга ошно этиш, юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Ватанимиз шаънини халқаро ареналарда улуғлайдиган музаффар спортчиларни етиштиришда катта аҳамият касб этишини таъкидлади.


Ёшлар ўртасида шотокан каратэ-до спорт турини кенг оммалаштириш, кўплаб чемпионларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийлари турнир ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилиб, махсус эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Японияда мезбонлик қилган ҳамда жорий йилнинг февраль ойида Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида ғолиблар сафидан ўрин эгаллаган Асадбек Каримов, Фаррухбек Мавжудалиев, Нозигул Адҳамова ва Иброҳим Хўжахонов муносиб рағбатлантирилди.


Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради. Ёш гимнастикачилар ва каратэчилар кўргазмали чиқишларини ҳавола қилди. Мусобақани энг жажжи иштирокчилар – 6-7 ёшли спортчилар бошлаб беришди.
Наманган вилоят спорт бошқармаси, Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят шотокан каратэ-до ассоациацияси ҳамкорлигида уюштирилган ушбу мусобақада олти ёшдан 18 ёшгача бўлган қатнашчилар +20 килограммдан +70 килограммгача бўлган 48 та вазн тоифасида татамида якка ва жамоавий кумитэ йўналишларида ғолиблик учун куч синашмоқда. Қизғин руҳда кечаётган беллашувларда даставвал энг кичик ёшдаги болажонлар ўртасида ғолиб чиққан иқтидор соҳибларига диплом ва медаллар тақдим қилинди.


– Олти йилдан буён шотокан каратэ-до билан шуғулланиб келаман. Устозим – халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон чемпиони Муҳаммадсиддиқ Абдумуталовдан ўз устида ишлаш, ғалаба сари дадил интилишни ўргандим, – дейди турнирнинг косонсойлик 11 ёшли иштирокчиси Юсуфали Ҳамидхонов. – Бундан икки йил аввал пойтахтимизда бўлган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлдим. Мана, Наманган шаҳрида бўлаётган халқаро очиқ турнирнинг 34 килограмм вазн тоифасида барча рақибларимни енгиб, ғолиб сифатида шоҳсупага кўтарилдим.
Мусобақа ташкилотчиси – вилоят шотокан каратэ-до ассоциацияси вице-президенти Илҳомжон Қосимовнинг қайд этишича, келгуси йилда бўлажак халқаро турнирда ҳудудлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида Афғонистон, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Хитой каби хорижий мамлакатлардан жамоалар, спортчиларни ҳам жалб этиш кўзда тутилган.
– Наманган кейинги йилларда минтақамизда чинакамига спорт марказига айланмоқда, бунга 2021 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган шотокан каратэдо бўйича халқаро турнир ёрқин мисол, – дейди Тожикистон Республикаси жудокан каратэ-до федерацияси президенти Фозилжон Аҳмедов. – Мусобақага Марказий Осиё давлатлари вакиллари қаторида бизни ҳам таклиф қилишаётганидан миннатдормиз. Турнирда Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳридан 14 нафар спортчимиз ўз маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Ўйлайманки, шогирдларимиз баҳсларда ўз “сўзлари”ни айтишади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА