Муҳим вазифалар белгилаб олинди
Бугун сув ресурслари нафақат табиий бойлик, балки иқтисодий барқарорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик мувозанатнинг ҳал қилувчи омилига айланди. Ана шундай шароитда сувни бошқариш тизимига рақамли технологияларни жорий этиш давр талаби бўлиб қолмоқда. Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ташкил этилган семинар соҳадаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этди.
Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва бошқарув жараёнларини рақамлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майда қабул қилинган “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги Фармони соҳада янги даврни бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда сув ресурсларининг ягона балансини юритиш, шаффоф ҳисоб-китоб тизимини яратиш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Айнан шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш доирасида Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси биносида сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирда ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети профессори, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси А. Янгиев, Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Мустақов ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Семинар давомида сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларнинг ўрни ва аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, сув ҳисобини юритиш тизимларини такомиллаштириш, маълумотлар базаларини шакллантириш, уларни ягона ахборот майдонида жамлаш ва таҳлил қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, сувдан фойдаланиш самарадорлиги энди нафақат муҳандислик иншоотлари, балки аниқ маълумотлар ва интеллектуал бошқарув тизимларига ҳам бевосита боғлиқ бўлиб бормоқда.
Мутахассислар томонидан сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнларининг бугунги ҳолати ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, рақамли технологиялар сув сарфини аниқ ҳисоблаш, йўқотишларни қисқартириш, қарор қабул қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда инсон омилини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир иштирокчилари учун семинар нафақат тажриба алмашиш майдони, балки очиқ мулоқот ва фикрлар баҳсига айланди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди, соҳани янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Семинар якунида сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва соҳада замонавий бошқарув усулларини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Бугун сувнинг ҳар бир томчиси стратегик аҳамият касб этаётган бир пайтда, унинг ҳисобини юритиш ва бошқарувини рақамлаштиришга қаратилган бундай ташаббуслар келажакка қаратилган мустаҳкам қадамдир. Зеро, сувни асраш — бу фақат табиатни муҳофаза қилиш эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва келажак авлодлар манфаатини таъминлаш демакдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири