Таълим инфратузулмасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Президент администрациясининг соҳа мутахассислари, ФВВ академияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги олий таълим муассасалари консорсиуми”ни ташкил этишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Маълумки, консорсиумнинг бош мақсади — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун халқаро стандартларга мос, юқори малакали, ҳалол ва ватанпарвар кадрлар тайёрлайдиган замонавий таълим тизимини шакллантиришдан иборатдир.

Тадбирда истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор вазифалари белгилаб олинди. Жумладан, таълим ва унинг инфратузилмасида инновацион технологияларни ривожлантириш ҳамда аъзо олийгоҳларнинг кутубхона, лаборатория ва симуляцион полигонларидан ўзаро эркин фойдаланишни йўлга қўйиш масалалари, рақамлаштириш ва сунъий интеллект экотизимга рақамли трансформация ва сунъий интеллект ечимларини интеграция қилиш, ихтисослашган марказлар: киберкриминалистика, коррупцияга қарши минтақавий марказ ва Рақамли таҳлил марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур вазифалар томонларнинг ўз маблағлари, давлат дастурлари ва халқаро грантлар ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши соҳада узлуксиз кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириб, олийгоҳларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтириш ва жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ФВВ академиясида маънавий-маърифий тадбирлар доирасида “Ватан ҳимоячиларига табассум улашиб” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Гулноза Бобоева, ЎзА