Тошкентда хавфсиз ва тартибли шаҳар муҳитини яратиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, шаҳарнинг турли ҳудудларида автомобиллар кўпинча пиёдалар йўлакларида, пиёдалар ўтиш жойлари яқинида, жамоат транспорти бекатларида, яшил ҳудудларда, шунингдек, тўхташ ёки тўхтаб туриш тақиқланган жойларда қолдирилмоқда.
Бундай ҳолатлар аҳолининг кундалик қулайлигига бевосита таъсир кўрсатади. Улар пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилади, кекса ёшдаги фуқаролар, болалар аравачасидаги ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар учун ноқулайлик туғдиради, шунингдек, жамоат транспорти ҳамда махсус техникалар ҳаракатини қийинлаштиради.
Шу боис, Тошкентда автотранспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши қоидаларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилмоқда. Қоидабузарлик билан қолдирилган транспорт воситалари белгиланган тартибда эвакуация қилиниб, ихтисослаштирилган жарима майдончаларига жойлаштирилади. Бундан мақсад шаҳар аҳолиси ва ҳаракат иштирокчилари учун тартиб, хавфсизлик ҳамда нормал шароитларни таъминлашдир.
Гулноза Бобоева, ЎзА