Мисрга борувчи ўзбекистонликлар учун янги кириш қоидалари жорий этилади
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга кириш тартибига оид янги талаблар кучга кириши ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, сафар олдидан виза расмийлаштириш, молиявий маблағларни тасдиқлаш ва зарур ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, янги тартиб доирасида Ўзбекистон фуқаролари Мисрга боришдан аввал кириш визасини мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналари орқали расмийлаштиришлари лозим. Шунингдек, туристик сафарлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилиши талаб этилади.
Янги тартибда саёҳатчиларнинг ёши ва молиявий имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари — ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари ҳамроҳлигида бориши мумкин. Бунда оила сафар давомида камида 5 000 АҚШ доллари миқдорида нақд пулга эга бўлиши талаб этилади.
40 ёшдан ошган ва мустақил саёҳат қилаётган фуқаролар эса камида 3 000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағга эга бўлишлари лозим.
Мисрга кириш вақтида йўловчилар меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари ҳамда сафар давомида етарли молиявий таъминот мавжудлигини тасдиқловчи маълумотларни тақдим этишлари керак.
Шунингдек, Миср ҳудудида бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмаслиги маълум қилинган.
Белгиланган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган йўловчиларнинг мамлакатга кириши рад этилиши ва уларни олиб келган авиакомпания орқали ортга қайтариш чоралари кўрилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси фуқароларни Мисрга сафарни режалаштиришда мазкур талабларни инобатга олишга чақирди. Саёҳатчиларга сафар олдидан виза расмийлаштириш тартиби, молиявий талаблар ва зарур ҳужжатлар бўйича расмий идоралардан қўшимча маълумот олиш тавсия этилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА