“Афросиёб”: 15 йиллик тараққиёт ва юқори тезлик сари йўл
Мамлакатимизда масофаларни яқинлаштирган, сафар вақтини сезиларли даражада қисқартирган юқори тезликдаги темир йўл қатнови бугун мамлакат транспорт тизимининг муҳим таркибий қисмига айланган.
Бундан 15 йил аввал, 2011 йил 8 октябрь куни “Афросиёб” электропоездининг Тошкент — Самарқанд — Тошкент йўналишида мунтазам қатнови йўлга қўйилиши мамлакатимиз темир йўл соҳасида янги босқични бошлаб берди.
Испаниянинг “Талго” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур замонавий электропоезд Марказий Осиёда юқори тезликдаги темир йўл қатновини йўлга қўйишда муҳим қадам бўлди. Унинг ҳаракатга келиши нафақат йўловчилар учун қулайлик яратди, балки ички туризм, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар ва хизматлар соҳаси ривожига ҳам янги имкониятлар очди.
Дастлабки иккита “Талго 250” таркибидан кейин парк янги электропоездлар билан тўлдирилди. Бугунги кунда мамлакатимизда олтита “Афросиёб” электропоезди мавжуд. Улар замонавий қулайликлар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган технологиялар билан жиҳозланган.
“Афросиёб”нинг аҳамиятини фақат ҳаракат тезлиги билан баҳолаб бўлмайди. У йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақтини қисқартириш, сафарни олдиндан режалаштириш ва йирик шаҳарлар ўртасидаги қатновни қулай ташкил этиш имконини бермоқда.
Бугунги кунда юқори тезликдаги поездлар Тошкентни Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабз каби йирик тарихий ҳамда туристик марказлар билан боғлайди. Бу эса мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни осонлаштириб, ички туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, тарихий шаҳарларга қисқа муддатда етиб бориш имконияти сайёҳлар, тадбиркорлар ва хизмат сафарига отланган йўловчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Темир йўл қатновининг ривожланиши ҳудудлар ўртасидаги ҳаракатчанликни ошириш билан бирга, туризм ва унга боғлиқ хизматлар бозори фаоллигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ўтган 15 йил давомида “Афросиёб” Ўзбекистонда замонавий темир йўл транспорти ривожининг рамзига айланди. Эндиликда ушбу йўналишдаги тараққиётни давом эттириш поездлар паркини янгилаш, инфратузилма имкониятларини кенгайтириш, қатновлар барқарорлигини таъминлаш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш каби вазифалар билан чамбарчас боғлиқ.
Зеро, юқори тезликдаги темир йўл — бу шунчаки транспорт воситаси эмас. У вақтни тежаш, ҳудудларни яқинлаштириш ва мамлакатнинг туристик ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим инфратузилмадир. “Афросиёб”нинг 15 йиллик йўли эса Ўзбекистонда темир йўл соҳасини модернизация қилиш жараёнининг муҳим саҳифаларидан бири ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА