Етакчи брендлар Янги Тошкентга таклиф этилди
Пойтахтимизнинг янги қиёфаси, келажак ва бунёдкорлик рамзига айланиб бораётган Янги Тошкент лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда. Айни пайтда мазкур улкан ҳудудда ҳаёт қайнаб, у тобора гавжум масканга айланиб бормоқда. Янги ҳудудда аҳоли учун қулай яшаш манзиллари босқичма-босқич тайёр ҳолга келтирилар экан, табиийки, уларнинг атрофида замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис тармоғини шакллантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, аҳолининг кундалик эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ресторан, кафе, тезкор овқатланиш шохобчалари ҳамда қандолат маҳсулотлари марказларини ташкил этиш бирламчи вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда мамлакатимизда умумий овқатланиш соҳасида муваффақиятли фаолият юритаётган етакчи брендлар асосчилари ва тадбиркорлар Янги Тошкентга махсус таклиф этилди.
Ташриф давомида тадбиркорлар дастлаб шаҳарнинг биринчи босқич ҳудудида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари, замонавий турар жой массивлари ҳамда сервис объектлари билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан уларга ҳудуднинг хизмат кўрсатиш инфратузилмаси, архитектуравий ечимлар ва келгусида яратиладиган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бундай қулай ва замонавий объектларни аҳоли яшаш манзилларига яқин жойлаштириш фуқароларнинг кундалик турмуш тарзида улкан қулайликни таъминлаш, вақтни тежаш ҳамда турли эҳтиёжларга мос юқори сифатли хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, ушбу бизнес лойиҳалари шаҳарда фаол ижтимоий муҳитни шакллантириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.
Тадбиркорларнинг таъкидлашича, бу каби учрашувлар уларга ҳудуднинг келажакдаги ривожланиш йўналишларини чуқур ўрганиш, ўз бизнесини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда келгусидаги фаолиятини шаҳарнинг умумий урбанистик ўсиш жараёнларига уйғунлаштириш имконини беради.
Эътиборли жиҳати, тадбир доирасида Янги Тошкент ҳудудида миллий ва замонавий анъаналарни ўзида мужассам этган “Khiva” ресторанининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу каби объектларнинг қад ростлаши янги шаҳарда сервис маданияти юқори даражада бошланаётганидан далолатдир.
Янги Тошкентда барпо этилаётган ҳар бир инфратузилма объекти инсон қадрини улуғлаш, қулай ва фаровон турмуш шароитини яратишга қаратилган бўлиб, бу жараёнлар изчил давом эттирилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА