Меҳнат фахрийларига эҳтиром – халқ қадриятларининг юксак ифодаси
Юртимизда кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, уларнинг ҳаёт йўли ва фидокорона меҳнатини қадрлаш эзгу анъанага айланган.
Шу муносабат билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ҳамкорлигида меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

Ташриф давомида фахрийларнинг кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, мамлакатимиз тараққиёти ҳамда жамият равнақига қўшган муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Суҳбатлар жараёнида уларнинг саломатлиги, турмуш шароити ва эҳтиёжлари билан яқиндан танишилди.
Кексалар билан самимий мулоқот қилиш, уларнинг дуосини олиш, ҳаёт тажрибасидан баҳраманд бўлиш ҳар қандай инсон учун катта маънавий мактабдир. Зеро, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт, мамлакат тараққиёти замирида ана шундай меҳнаткаш инсонларнинг йиллар давомидаги машаққатли меҳнати мужассам.

Байрам муносабати билан меҳнат фахрийларига эзгу тилаклар билдирилиб, совға-саломлар топширилди. Фахрийлар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор этиб, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида дуолар қилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири