Картошка етиштиришда янги босқич
Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи нафақат аграр сиёсатнинг устувор йўналиши, балки иқтисодий барқарорликнинг муҳим омилига айланди. Аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, ички бозор мувозанатини сақлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш замонавий ёндашув ва самарали лойиҳаларни талаб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “BMB Holding” томонидан Жиззах вилоятининг Бахмал туманида амалга оширилаётган янги ташаббус эътиборга лойиқ. Компания томонидан Нидерландия селекциясига мансуб “Elita Arizona” навли картошка уруғларининг жорий этилиши соҳада инновацион ёндашувнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.
Тоғ олди ҳудуд ҳисобланган Бахмалнинг экологик тозалиги, иқлим шароити ва унумдор тупроғи мазкур лойиҳа самарадорлигини таъминловчи асосий омиллардан ҳисобланади. Мутахассислар таъкидлашича, айнан шу каби табиий шароитлар юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулот етиштириш имконини беради.

Лойиҳа доирасида қўлланилаётган замонавий агротехник ечимлар — экиш схемаси ва сараланган уруғ материаллари — ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. “Elita Arizona” нави қисқа муддатда пишиб етилиши, юқори ҳосил бериши ҳамда иқлим ўзгаришларига чидамлилиги билан ажралиб туради. Бу эса фермерлар учун иқтисодий жиҳатдан ҳам манфаатлидир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундай лойиҳалар маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш билан бирга импортга қарамликни қисқартиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ички бозорни барқарор таъминлаш орқали нарх-наво мувозанатини сақлаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, “BMB Holding”нинг мазкур ташаббуси қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва агросаноатда янги босқични бошлаб беришга хизмат қилаётган муҳим амалий қадам сифатида баҳоланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири