Ижодий имтиҳонлар бошланди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида 2024/2025 ўқув йили учун мазкур таълим муассасаси дизайн (компьютер графикаси, бадиий фото), чолғу ижрочилиги: халқ чолғулари (зарбли чолғулар) йўналишлари бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентларнинг касбий (ижодий) имтиҳонлари ўтказилмоқда.
Имтиҳон комиссияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваториясининг малакали мутахассисларидан иборат бўлиб, улар абитуриентларни икки босқичда синовдан ўтказмоқда.

Имтиҳонларнинг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида университет қабул комиссияси томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилган. Ота-оналар имтиҳон жараёнларини кузатиб боришлари учун махсус жойлар ташкил этилиб, мониторлар ўрнатилган.
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг халқаро журналистика таълим йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ҳам ижодий имтиҳонлар бошланди. Имтиҳонни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетидан келган комиссия аъзолари олмоқда.
– Ижодий имтиҳон икки босқичда бўлиб ўтади, – дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари номзоди Ферхан Алламбергенова. – Университетимиз таянч олий таълим муассасаси ҳисобланиб, унда тасдиқланган мавзулар бўйича дастлаб ёзма имтиҳон олинади. Ҳаққонийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ўнта вариантда саволлар олиб келганмиз. Ҳар бир гуруҳда абитуриентлар шу вариантлардан бирини танлайди. Ҳар бир вариантда бештадан савол бор. Биринчи босқичда абитуриентлар иншо ёзади. Иккинчи босқичда эса суҳбатдан ўтади. Уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилган ижодий ишлари ҳам суҳбат давомида инобатга олинади.

Жорий йилда институтнинг халқаро журналистика йўналишига 134 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улар орасидан юқори балл тўплаган 25 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинади. Ижодий имтиҳон натижалари 24 соат мобайнида эълон қилинади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири