АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигига бағишланди
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида юртимизда ташриф билан бўлиб турган АҚШ Давлат котибининг жамоат дипломатияси бўйича ўринбосари Сара Рожерс иштирокида “Freedom 250” роуд-шоуси ўтказилди.
“Freedom 250” 1776 йилда қабул қилинган АҚШ мустақиллик декларацияси (United States Declaration of Independence)нинг 250 йиллигига бағишланган лойиҳа бўлиб, тарихий сана билан бирга АҚШнинг замонавий таълим, маданият ва халқаро ҳамкорлик дастурларини ҳам намойиш қилишга қаратилган. Айни пайда ушбу лойиҳа АҚШ элчихоналари томонидан дунёнинг турли давлатларида ташкил этилмоқда.
[gallery-29772]
Самарқанддаги тадбирда юртимизда фаолият кўрсатаётган Америка компаниялари ва ушбу давлат билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналар, олий таълим муассасалари ўз кўргазма ва тақдимотлари билан қатнашди.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Сара Рожерс, ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги элчиси Жонатан Хеник тадбирга келган меҳмонларга миннатдорлик билдириб, Қўшма штатларнинг 250 йиллик тарихи, бу даврда нафақат мамлакатда эришилган натижалар, балки дунёда Американинг тутган ўрни, давлатлар билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалари ҳақида сўз юритди. АҚШ тарихи ва бугуни билан боғлиқ викторина ўтказилиб, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Роуд-шоу доирасида таълим ва инглиз тили бўйича семинарлар, АҚШда ўқиш имкониятлари ҳақида тақдимотлар, маданий дастурлар намойиш этилди.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Сара Рожерс Самарқандга ташрифи доирасида қадимий шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканлар билан ҳам яқиндан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари