Ижобий кредит тарихига эга тадбиркорларга 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади
Президентимизнинг 2026 йил 26 майдаги “Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июлга қадар кредит олиш учун ариза бериш ва бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларнинг таклифларини қабул қилиш имконини берувчи рақамли молиявий платформа ишга туширилади. Ушбу тизим тадбиркорларга энг қулай шартларда кредит танлаш имкониятини яратиб, молиявий хизматлар бозорида рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.
Яна бир янгилик сифатида маҳаллаларнинг иқтисодий ихтисослашуви ва ҳудудлардаги имкониятларни ҳисобга олган ҳолда бизнес ғояларни шакллантирувчи “AI маслаҳатчи” дастури жорий этилади. Сунъий интеллект технологияларига асосланган мазкур тизим аҳоли ва тадбиркорларга истиқболли лойиҳаларни аниқлашда кўмаклашиши кутилмоқда.
Қарор билан “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасидаги имтиёзлар ҳам кенгайтирилмоқда. Хусусан, аввал ушбу дастур орқали микрокредит олган ва ижобий кредит тарихига эга тадбиркорлар учун гаровсиз микрокредитнинг максимал қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади.
Шунингдек, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига кредитнинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми учун фоиз харажатларини қоплаш механизми амал қилади. Бу эса тадбиркорларнинг молиявий юкини камайтириб, уларнинг инвестиция ва ишлаб чиқариш фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қарорда илғор ва самарали ишлаётган тадбиркорларни рағбатлантириш чоралари ҳам назарда тутилган. Ҳар йили дастур доирасида қўллаб-қувватланган ва юқори натижаларга эришган 100 нафар тадбиркорга бизнесни рақамлаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда яшил технологиялардан фойдаланиш харажатларини қоплаш учун 300 миллион сўмгача грант ажратилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА