Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга қўшимча кўмак кўрсатилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Қашқадарё вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида жойлаштиришнинг муқобил шаклига олинган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларидан иборат 624 нафар боланинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ долларидан маблағ ўтказилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур кўмак чораси ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда муносиб турмуш шароитларини таъминлашга хизмат қилади.

Қарши шаҳрида яшовчи Ширина Хуррамованинг айтишича, давлат томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор ёшларнинг таълим олиши, келажакда ўз ўрнини топиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.

– Аввал омонат ҳисобварағимизга маблағ ажратилган эди. Қурбон ҳайити муносабати билан яна қўшимча маблағ ўтказилгани биз учун катта қувонч бўлди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва яратилган имкониятларни чуқур ҳис қиламиз. Келгусида яхши мутахассис бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан, — дейди у.

Қайд этилишича, мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаётга тайёрланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА