Болажонлар учун муносиб туҳфа
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Каптарча” номли 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда боғчада 420 нафардан ортиқ тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда.

Маҳалла аҳли ва ота-оналарнинг ташаббуси билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йилнинг иккинчи мавсумида мазкур лойиҳа ғолиб деб топилди. Натижада бинонинг фасад қисмини мукаммал таъмирлаш ишлари учун 580 миллион сўм маблағ ажратилди.

Таъмирлаш жараёнида бинога замонавий кўриниш бериш мақсадида ташқи деворлар қайта тикланиб, болалар руҳиятига мос ёрқин ва жозибадор рангларга бўялди. Шунингдек, том қисмидаги эскирган қисмлари тўлиқ янгиланди.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан муассасада “Янги Ўзбекистоннинг бахтли болалари!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Унда Учқудуқ тумани ҳокими Учқун Елмуратов иштирок этиб, болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналарини байрам билан самимий табриклади. Болажонларнинг билимли, баркамол ва Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб вояга етишларига ишонч билдирди.

Тадбир давомида муассаса тарбияланувчиларига байрам совғалари топширилди. Шунингдек, болалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва миллий рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири