“Яшил” иқтисодиёт сари: “Ўзбекгидроэнерго” халқаро шерикликни кенгайтирмоқда
Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда. Бу жараёнда инвестицияларни жалб этиш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва стратегик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш устувор аҳамиятга эга.
Тошкент халқаро инвестиция форуми эса мазкур мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган муҳим мулоқот ва ҳамкорлик платформасига айланди.
Форум доирасида энергетика соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти махсус кўргазма майдонида иштирок этиб, ўзининг инвестиция салоҳияти, амалга оширилаётган лойиҳалари ҳамда истиқболдаги ривожланиш режаларини халқаро ҳамжамият вакилларига тақдим этди.
Жамият ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқулов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ЎзА мухбирига берган интервьюсида қуйидагиларни таъкидлади:
– Бешинчи юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ энергетика тармоғи учун ташкил этилган махсус экспозиция майдонида иштирок этмоқда. Бу ерда жамиятнинг бугунги фаолияти, амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, гидроэнергетика соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда келгусидаги ривожланиш дастурлари кенг намойиш этилмоқда.
Кўргазма иштирокчилари, хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтлари вакиллари жамиятнинг инвестициявий имкониятлари, истиқболли ташаббуслари ҳамда гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегияси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Биз учун мазкур форум нафақат ўз имкониятларимизни тақдим этиш, балки аниқ ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун ҳам муҳим платформа ҳисобланади. Бу орқали янги инвестицияларни жалб қилиш, халқаро шерикликни кенгайтириш ва мамлакатимизнинг яшил иқтисодиёт мақсадларига эришиш бўйича ишларни янада жадаллаштириш кўзда тутилган.
Шунингдек, форум доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти ҳамда Япониянинг етакчи молиявий институтларидан бири – !Mitsubishi UFJ Financial Group” (MUFG Bank) делегацияси ўртасида стратегик учрашув ташкил этилди.
Музокаралар давомида гидроэнергетика соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда жамиятнинг стратегик ривожланиш дастурлари доирасида барқарор ва узоқ муддатли молиявий ресурсларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда MUFG Bankнинг давлат ва хусусий сектор иштирокидаги йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича халқаро тажрибаси алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, банкнинг экспорт-кредит агентликлари билан ҳамкорлик имкониятлари, халқаро молия бозорларидаги мустаҳкам ўрни ҳамда турли молиявий инструментлар орқали энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш салоҳияти юқори баҳоланди.
“MUFG Bank” вакиллари “Ўзбекгидроэнерго” томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли инвестиция дастурларига қизиқиш билдириб, халқаро молиялаштириш ва капитал бозорлари бўйича ўз тажрибасига таянган ҳолда истиқболли лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди. Шу билан бирга, музокаралар жараёнида банк томонидан таклиф этилган индикатив молиялаштириш шартларини лойиҳаларнинг техник-иқтисодий хусусиятлари ҳамда стратегик вазифаларига мослаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида ҳамкорликни янада кенгайтириш, гидроэнергетика соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган учрашувлар ва амалий мулоқотлар “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг халқаро инвестиция майдонидаги иштирокини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Гидроэнергетика соҳасида замонавий молиялаштириш механизмларини жорий этиш, халқаро шериклар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва стратегик лойиҳаларни изчил амалга ошириш мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш учун мустаҳкам замин яратади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.