Сурхондарё хорижий инвесторлар учун жозибадор ҳудудга айланмоқда
Сурхондарё вилоятида 528 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, яқин йилларда ҳам аграр воҳа сифатида танилган ҳудудда 2024 йил 1,4 миллиард доллар, ўтган йил 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Жорий йил 3 миллиард доллардан ортиқ чет эл инвестициясини жалб этиш мўлжалланмоқда.

Мамлакатимизда хорижлик сармоядорларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити сўнгги йилларда Сурхондарё вилоятида ҳам чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сонини кўпайтирмоқда. Ер ости ва ер усти бойликларига сероб воҳада ҳозир 311 корхона билан қўшни афғонистонлик сармоядорлар етакчилик қилаётир. Миллий иқтисодиётимизга инвестиция киритган етакчи бешта давлат қаторида россияликларнинг 48 та, тожик биродарларнинг 42, Хитой тадбиркорларининг 33 ва туркияликларнинг 29 та корхонаси турли маҳсулот ишлаб чиқармоқда, замонавий хизматлар кўрсатмоқда. Таълим, тиббиёт каби ижтимоий тармоқларга ҳам чет эл сармоядорлари эътибор қаратмоқда.

Вилоятда хориж инвестицияси иштирокида корхона ташкил этаётган сармоядорлар энергетика, тоғ кон саноати ва геология, туризм ва хизмат кўрсатиш, фармацевтика, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва қурилиш каби соҳаларга катта қизиқиш билдирмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтаётган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ишбилармонлик фаолиятини юритиш учун замонавий экотизим яратиш бўйича белгилаб берилган олтита устувор йўналиш жанубдаги воҳада чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар сафини янада кенгайтириб, ҳудуднинг бой салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Сармоядорлар учун яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар вилоятда ҳудудий инвестиция дастурини ҳам кенгайтириб, янги-янги лойиҳаларни ишга туширишга катта қизиқиш уйғотмоқда. Жумладан, биргина ўтган йил қиймати 815 миллион долларга тенг 617 та лойиҳа иш бошлади. Термиз туманида “Сурхон сендвич” масъулияти чекланган жамияти қиймати 20 миллион доллар бўлган базальт ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширди. Лойиҳа доирасида йилига 30 минг тонна базальт хомашёсини қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 345 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Эндиликда замонавий корхона маҳсулотлари нафақат ички бозор, балки четга ҳам экспорт қилинмоқда.
Ўтган йил Қумқўрғон туманида фойдаланишга топширилган “Qumtex Invest” масъулияти чекланган жамиятининг 57 миллион доллар қийматидаги замонавий тўқимачилик фабрикаси ип-калава ишлаб чиқаришдан бошлаб, рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлашгача бўлган жараённи қамраб олади.

Вилоятда хорижлик ва маҳаллий инвестиция иштирокида бўй кўрсатаётган бундай корхоналар мамлакат тараққиёти, юрт ободлиги, иқтисодиётимиз барқарорлиги ва аҳолининг тинч, тўкин турмушига қаратилгани аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири