Инвестиция — янги иқтисодий қувват ва тараққиёт пойдевори
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида юртимизда бир қатор янги объектлар, лойиҳалар ишга туширилди. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган янги объектларни ишга тушириш маросимида юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилиб, рақобатбардош саноат тармоқларини яратиш, чекка туман ва қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича улкан ишлар бажарилгани алоҳида таъкидланди. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Отамуродов ўз муносабатини билдирди:
— Мустақиллик байрами арафасида мамлакатимиз ҳудудларида янги саноат, сервис ва ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш яхши анъанага айланди. Бу нафақат байрам шукуҳини оширади, балки Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ натижаларини ҳам намоён этади. Зеро, ҳар бир янги корхона, энергетика қуввати, мактаб ёки шифохона ортида инвестиция, замонавий технология, янги иш ўрни ва инсон манфаати мужассам.

Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросимида сўнгги ўн йилда иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинганини таъкидлади. Шу даврда иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошди, умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилди, қарийб 6 миллион нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.
Энг муҳими, жалб қилинган маблағлар қуруқ статистика бўлиб қолаётгани йўқ. Улар янги корхоналар, энергетика қувватлари ва замонавий ишлаб чиқаришларга айланмоқда. Экспортбоп маҳсулотлар тури ва ҳажми кўпайиб, илғор технологиялар кириб келмоқда, меҳнат бозорида янги касблар ҳамда юқори малакали иш ўринлари пайдо бўлмоқда.
Навбатдаги тадбир доирасида қарийб 50 триллион сўмлик 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси, шунингдек, 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилгани ҳам бу жараённинг кўламини кўрсатади. Ушбу лойиҳалар ҳисобидан 15 мингта иш ўрни яратилиши, бюджетга йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши кутилмоқда.
Бунда инвестициянинг иқтисодиётга кўп қиррали таъсирини алоҳида қайд этиш лозим. Янги корхона иш ўрни яратади, бандлик эса оилалар даромадини оширади. Ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши хомашё, транспорт, логистика ва хизматларга талабни кучайтиради. Экспорт валюта тушумини, самарали фаолият эса солиқ тушумларини кўпайтириб, янги технологиялар меҳнат унумдорлигини юксалтиради. Демак, бир лойиҳа атрофида ўзаро боғлиқ бутун бир иқтисодий занжир шаклланади.
Ишга туширилган объектлар таркиби мамлакатимиз иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларни ҳам акс эттиради. Энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-кон, тўқимачилик ва енгил саноат тармоқларида янги қувватлар яратилмоқда. Бу иқтисодиётни диверсификация қилиш, ички бозор талабини барқарор таъминлаш ва экспорт географиясини кенгайтириш учун мустаҳкам замин бўлади.
Айниқса, энергетика соҳасидаги лойиҳалар стратегик аҳамиятга эга. Сирдарёда 1 минг 573 мегаваттлик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати, Қорақалпоғистонда 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Навоийдаги янги лойиҳалар эса йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Энергетикадаги ҳар бир янги қувват саноат ва тадбиркорлик учун барқарор манба, янги инвестициялар учун қўшимча шароитдир. Шу боис, бундай объектларни фақат бир тармоқ доирасида баҳолаб бўлмайди. Улар ишлаб чиқариш ҳажми, ҳудудларнинг саноат салоҳияти, аҳоли бандлиги ва экспорт имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимиз хомашё экспорт қиладиган иқтисодиётдан уни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтмоқда. Бу инвестиция сиёсатининг янги сифат босқичидир. Энди асосий вазифа сармоялар ҳажмини ошириш билангина чекланмай, юқори қўшилган қиймат яратадиган, экспорт салоҳиятини кенгайтирадиган, замонавий технология ва малакали кадрларга талабни кучайтирадиган лойиҳалар улушини кўпайтиришдан иборат.
Мухтасар айтганда, Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган 163 та янги объект йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар, яратилган қулай инвестиция муҳити ва изчил иқтисодий сиёсатнинг амалий ифодасидир. Энг муҳими, бу натижалар эртанги барқарор ўсиш, аҳоли фаровонлиги ва мамлакатимиз иқтисодий қудрати учун янги пойдевор яратмоқда.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА