Ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида мулоқот
Самарқанддаги “SOF EXPO” кўргазмалар марказида озиқ-овқат маҳсулотларининг “FOODERA EXPO 2026” кўргазмаси иш бошлади.
Ишлаб чиқарувчилар, дистрибьюторлар, импортчилар, етказиб берувчилар ва профессионал харидорларни бирлаштирган ихтисослаштирилган кўргазмада нафақат юртимиздаги озиқ-овқат саноати вакиллари, балки Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган юздан ортиқ ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
– Кейинги йилларда юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда нуфузли брендлар билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспортни кенгайтириш учун катта имкониятлар яратмоқда, – деди кўргазма очилишида қатнашган Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Самиев. – Бу, албатта, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга нарх барқарорлигини сақлашга хизмат қилмоқда. Янаям эътиборлиси, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар сафи кенгаймоқда ва ўз навбатида экспорт кўпаймоқда. Шунинг учун Самарқандда илк бор ўтказилаётган мазкур халқаро озиқ-овқат кўргазмасида вилоятимиздан 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти, йирик корхоналар иштирок этмоқда.
Кўргазмада ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар томонидан озиқ-овқат бозори маҳсулотларининг кенг ассортименти – қандолат ва нон маҳсулотлари, чой, қаҳва ва бошқа ичимликлар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, музлатилган ва ярим тайёр маҳсулотларни намойиш этиш билан бирга, уларнинг тайёрланиш жараёнлари, технологиялари ҳақида маълумотлар берилмоқда ҳамда ҳамкорликда ишлаш таклиф этиляпти. Аслида, тадбирнинг асосий мақсадларидан бири ҳам бизнес вакилларининг нафақат янги маҳсулотлар ҳақида билиб олишлари, балки ҳамкорлик, етказиб бериш ва тарқатиш шартларини бевосита муҳокама қилишларига имконият яратишдир.
– Биз асосан тайёр овқатлар, гўшт ва дуккакли маҳсулотларни консервалаган ҳолда ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, – дейди Тошкент вилоятидаги “Ансор” корхонаси раҳбари Бурҳониддин Саидий. – 15 йиллик фаолиятимиз давомида Республикамизнинг барча ҳудудларига ўз маҳсулотларимизни етказиб беришни йўлга қўйдик, ҳар бир вилоятда дилерларимиз бор. Кўргазмада яна бир қатор шаҳарларда дилерлик марказлари ташкил этиш бўйича таклифлар тушяпти, улгуржи харидорлар маҳсулотларимизга қизиқиш билдирмоқда. Ўйлайманки, кўргазма биз ва харидорларимиз учун манфаатли бўлади.
[gallery-32212]
Кўргазма доирасида ишбилармонлик учрашувлари, янги технология ва маҳсулотлар тақдимотлари ўтказилмоқда. Шунингдек, иштирокчилар 2026-2030 йилларда жаҳон озиқ-овқат бозори, Марказий Осиёдан экспорт қилишнинг долзарб масалалари, Ўзбекистоннинг ҳамдўстлик мамлакатлари билан экспорт ва импорт борасидаги муносабатлари масалаларини муҳокама қилиб, ўзаро фикр ва тажриба алмашмоқда.
– Бугунги кунда озиқ-овқат саноатининг ривожланишини ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, дистрибьюторлар ва охирги фойдаланувчи ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотсиз тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди “SOF EXPO” кўргазмалар мажмуаси раҳбари Аҳмад Тожибоев. – “FOODERA EXPO” ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва соҳанинг бошқа вакиллари учун айнан шундай имконият яратгани билан аҳамиятли. Бу ердаги кўргазмалар, тақдимотлар ва В2В учрашувлар профессионал, аниқ бизнес алоқаларига йўналтирилган.
Уч кун давомида кўргазма иштирокчилари ва ташриф буюрувчилар намойиш этилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумот олиш, потенциал ҳамкорликни муҳокама қилиш ва янги бизнес алоқаларини ўрнатиш имкониятига эга бўлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари