Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация Қатарга ташриф буюриб, Бутунжаҳон инвестиция форуми ҳамда Ўзбекистон – Қатар ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Ташриф доирасида Қатар ҳукумати ва етакчи компаниялари вакиллари билан икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларни кенгайтириш истиқболларига бағишланган музокаралар ўтказилди.
Томонлар саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва минерал ресурсларни ўзлаштириш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини атрофлича муҳокама қилди. Янги Тошкент ҳудудини ривожлантириш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ва давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилмавий лойиҳаларни ишга туширишга Қатар сармоясини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, истиқболли ташаббусларни молиялаштириш механизмлари, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Музокаралар якунида манфаатли инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантириш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Мазкур ташриф икки томонлама иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларига хорижий инвестицияларни жалб этишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Азиза Алимова, ЎзА