Инсон капитали — самарадор бошқарувнинг асосий омили
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида солиқ органлари мутахассислари учун инсон ресурсларини бошқариш (HR-менежмент) ва KPI тизимини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда республика ҳудудий солиқ органларининг инсон ресурсларини ривожлантириш бўлинмалари ҳамда матбуот хизмати вакиллари иштирок этди.
Семинарда ҳар қандай ташкилотнинг асосий бойлиги ҳисобланган инсон капиталини ривожлантириш, ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида HR-менежментнинг замонавий ёндашувлари, кадрлар стратегиясининг ташкилот самарадорлигидаги ўрни, давлат органларида KPI тизимини жорий этиш бўйича халқаро тажриба хусусида маърузалар тингланди.
[gallery-29796]
Таъкидланганидек, бугунги кунда солиқ органлари олдида юқори малакали кадрларни саралашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, меҳнат натижаларини холис баҳолаш, ходимларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, мотивация тизимини такомиллаштириш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш вазифалари турибди.
“Саралашдан самарагача” мавзусида ўтган семинарда иштирокчилар амалий машғулотлар, муҳокамалар ва савол-жавоблар орқали ўзаро тажриба алмашди.
Шунингдек, ёш мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, кадрлар захирасини шакллантириш ва билим ҳамда тажриба узвийлигини таъминловчи “устоз–шогирд” институтини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарнинг иккинчи кунида иштирокчилар Фарғона давлат университети иқтисодиёт факультети битирувчилари билан очиқ мулоқот ўтказди. Шунингдек, Риштон туманидаги “Мингбоши керамик” кулолчилик корхонаси ва Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” корхонаси фаолияти билан танишиб, ишлаб чиқариш жараёнларини кузатди.
Иштирокчилар учун Марғилон шаҳрида буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталган замонавий туризм марказига саёҳат ҳам ташкил этилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга Солиқ қўмитаси сертификатлари топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА