“Ҳарбий қисм еттилиги” – инсон қадрини таъминлашнинг самарали механизми
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимиз Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаб ҳал этишга қаратилган “Ҳарбий қисм еттилиги” тизими жорий этилган.
Маҳаллаларда ўз самарасини намоён этган “маҳалла еттилиги” тажрибаси асосида ташкил этилган мазкур тизим ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий, маънавий ва руҳий ҳолатини ўрганиш, мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда ҳарбий жамоаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-29798]
Тизим таркибига ҳарбий қисм командири, унинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, ҳарбий психолог, молия хизмати бошлиғи, кадрлар бўлими бошлиғи, ҳарбий қисм бош сержанти ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис киритилган.
Хайраобод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам “Ҳарбий қисм еттилиги” вакиллари томонидан ҳарбий хизматчилар билан мунтазам учрашувлар ўтказилмоқда. Мулоқотлар давомида хизматчиларнинг хизмат фаолияти, ижтимоий аҳволи ва оилавий муҳити ўрганилиб, мурожаатлари юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, ҳарбий шаҳарчаларда истиқомат қилаётган оилалар хонадонларида бўлиб, уларнинг яшаш шароити ва ижтимоий эҳтиёжлари ўрганилмоқда. Хусусан, фарзандларни таълим муассасаларига жойлаштириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида бир қатор ижтимоий масалалар ўз ечимини топмоқда. Жумладан, Наманган вилоятида туғилиб ўсган Муслима Ортиқова турмуш ўртоғининг хизмат вазифаси туфайли Денов туманига кўчиб келганидан сўнг меҳнат фаолиятидан вақтинча узилган эди. “Ҳарбий қисм еттилиги” томонидан кўрсатилган амалий кўмак натижасида у жорий йилнинг май ойидан бошлаб ўз мутахассислиги бўйича педагогик фаолиятини қайта тиклади.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур тизим ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари билан доимий мулоқотни таъминлаш, ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлаш ҳамда ҳарбий жамоаларда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА