Инновацион ғоялар ва янги имкониятлар майдони
Бухорода O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида “Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ўтказилди. Ёшларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда истиқболли бизнес лойиҳаларини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган мазкур тадбир бугунги ёш авлоднинг иқтисодий жараёнлардаги фаоллиги тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Бугун Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати оддий ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасидан чиқиб, уларнинг билим ва салоҳиятини реал иқтисодий қийматга айлантиришга қаратилган изчил тизимга айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаши, инновацион ғояларини ҳаётга татбиқ этиши учун зарур шароитлар яратиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам бу жараённинг муҳим омилидир.
Форумда сўзга чиққанлар мамлакатда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни бизнес муҳитига кенг жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва рақобатбардош маҳсулот ҳамда хизматларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр билдирди. Шунингдек, мазкур жараёнда O‘zLiDePнинг ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.


Форумнинг энг қизиқарли ва мазмунли қисми — ёш тадбиркорларнинг креатив ҳамда инновацион бизнес лойиҳалари тақдимоти бўлди. Унда Бобурмирзо Тойиров “Robokit”, Миржон Ҳикматиллаев “Edumate”, Зарина Комилова “Recarbon”, Моҳинур Ҳикматиллаева “Kidgarden”, Севинч Ҳасанова эса “TopAI” лойиҳалари билан иштирок этишди.
Тақдим этилган лойиҳалар йўналишларининг ўзиёқ ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қараши ўзгараётганини кўрсатади. Робототехника, таълим технологиялари, экологик ечимлар, болалар ривожи ва сунъий интеллект каби соҳалардаги ташаббуслар бугунги ёшлар фақат мавжуд имкониятлардан фойдаланувчи эмас, балки янги имкониятларни яратувчи кучга айланиб бораётганидан далолат беради.
Айниқса, “Robokit”, “Edumate” ва “TopAI” каби лойиҳаларнинг рақамли технологиялар билан уйғунлиги, “Recarbon” ташаббусининг экологик барқарорликка қаратилгани, “Kidgarden” лойиҳасининг эса болалар таълими ва ривожига йўналтирилгани ёш тадбиркорлар олдидаги мақсадлар тобора кенгайиб бораётганини англатади. Бу каби ташаббуслар нафақат янги бизнес субъектларини шакллантиради, балки инновация, рақобат ва янги иш ўринлари учун замин яратади.


Зеро, давлат раҳбари таъкидлаб келаётганидек, ёшлар — мамлакатнинг энг катта стратегик бойлиги. Уларнинг билим, ташаббус ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш эса келажак иқтисодиётининг пойдеворини мустаҳкамлаш демакдир. Шу нуқтаи назардан, ёшларнинг ҳар бир инновацион ғоясига инвестиция сифатида қараш, уларни ғоядан амалий лойиҳага, лойиҳадан эса барқарор бизнесгача олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
“Креатив тадбиркор ёшлар” форуми ҳам ана шу мақсадларга хизмат қиладиган мулоқот ва тажриба алмашиш майдони бўлди. Бу ерда ёшларнинг ғоялари нафақат намойиш этилди, балки уларни амалиётга татбиқ этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва бизнес ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун имкониятлар муҳокама қилинди.
Форум якунида фаол иштирокчилар ҳамда истиқболли бизнес лойиҳалари муаллифлари партия фаоллари ва депутатлар томонидан муносиб тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири