Тожикистонлик фермерлар Арнасойда пахтачилик тажрибасини ўрганди
Тожикистоннинг Суғд вилояти Бобожон Ғафуров тумани фермерлари Жиззах вилояти Арнасой туманида бўлди. Меҳмонлар пахта етиштиришдаги замонавий агротехнологиялар ва ҳосил парвариши тажрибасини ўрганди. Учрашувда икки ҳудуд деҳқонлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Арнасой туманидаги пахта далаларига назар ташлар экансиз, оппоқ чаноқлар орасидаги меҳнат манзараси кишини ўзига тортади. Бир-бирига туташиб кетган экин майдонлари, ҳосилни кўздан кечираётган деҳқонлар, ҳар бир ғўзадаги натижани синчиклаб баҳолаш – буларнинг барчаси пахтачиликдаги машаққат ва изланишлар самарасидан дарак беради. Дала мулоқотида Жиззах вилоятига қўшни Тожикистоннинг Суғд вилояти Бобожон Ғафуров туманидан келган фермерлар иштирок этди.

Туман ҳокими Одил Мусанов ҳамроҳлигида пахтазорларни айланган меҳмонлар экинларни парваришлаш усуллари, қўлланилаётган агротехнологиялар ва ҳосил етиштириш тажрибасига алоҳида қизиқиш билдирди. Саволлар, фикр алмашувлар ва даладаги кузатувлар суҳбатнинг асосий мазмунини ташкил этди. Ахир, деҳқон учун энг ишончли далил – қоғоздаги рақамдан кўра, ер бағрида етиштирилган ҳосилнинг ўзи.
– Арнасой пахтазорлари ҳақидаги видеоларни интернетда кўрганимизда, бу манзаралар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган бўлса керак, деб ўйлагандик. Пахтанинг бундай кенг майдонларда етиштирилаётганини кўриб, ҳайратландик. Энди эса ўзимиз келиб, барчасини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу ердаги тажрибани ўрганиш биз учун жуда қизиқ, – дейди “Шарифа саркор” фермер хўжалиги раиси Равшан Ҳожиев.

Унинг гапларида ҳайрат билан бирга, кўрилган тажрибани чуқурроқ ўрганишга бўлган иштиёқ ҳам сезилади. Даладаги ҳар бир манзара меҳмонлар учун янги таассурот, ҳар бир мулоқот эса қишлоқ хўжалигидаги амалий ёндашувларни таққослаш имконидир.
– Ростини айтсам, интернетда кўрганимизда бунчалик бўлишига ишонишимиз қийин эди. Арнасойга келиб, пахтазорларни айланганимиздан кейин тасвирлар ҳақиқий эканига амин бўлдик. Бу ердаги иш усуллари билан танишиш, тажриба алмашиш ва ўзимиз учун фойдали жиҳатларни ўрганиш ниятидамиз, – дейди “Сидиқбой саркор” фермер хўжалиги раиси Наимжон Тоҳиров.

Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалигида тажриба алмашишнинг қиммати ҳам шунда: бир ҳудудда қўл келган самарали усул бошқа жойдаги изланишларга туртки бериши мумкин. Тупроқ ва иқлим шароитлари фарқ қилса-да, ерга муносабат, меҳнатни тўғри ташкил этиш ва замонавий агротехнологиялардан оқилона фойдаланиш ҳар бир фермер учун муҳим.

Арнасойдаги бу учрашув оддий танишувдан кўра кенгроқ мазмун касб этди. У икки ҳудуд деҳқонлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, пахтачиликдаги илғор ёндашувларни ўрганиш ва ўзаро ҳамкорлик учун янги имкониятларни белгилашга хизмат қилди. Зеро, далада етиштирилган ҳосил фақат меҳнат самараси эмас, у тажриба, билим ва изланишнинг ҳам мевасидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири