Жиззахда автомобилсозликни кенгайтиришга 68,4 миллион доллар сармоя киритилади
Замонавий автомобилсозликнинг қудрати фақат конвеердан тушаётган машиналар сони билан эмас, балки уларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улуши қанчалик ортиб бораётгани билан ҳам белгиланади. Жиззахда бу борадаги саъй-ҳаракатлар саноат ривожига янги мазмун бағишлаб, ҳудуднинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Жиззахда автомобилсозлик саноати янги босқичга кўтарилмоқда. Хорижий сармоя, замонавий технология ва маҳаллий тадбиркорлик салоҳияти бир нуқтада туташиб, нафақат автомобиллар ишлаб чиқариш, балки улар учун зарур бутловчи қисмларни ўзимизда тайёрлашга қаратилган кенг кўламли жараённи шакллантирмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнда маҳаллий корхоналарнинг ўрни ва масъулияти ҳам тобора ортиб бормоқда.

Бугун вилоятда BYD, KIA, Chery, Haval, Truck and Bus каби халқаро брендлар билан боғлиқ ишлаб чиқариш йўналишлари ривожланмоқда. Бу эса Жиззах саноатининг халқаро ишлаб чиқариш тизимига интеграциялашуви, янги ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилиши ва маҳаллийлаштириш имкониятларининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
Режаларнинг кўлами ҳам салмоқли. 2026 йилда “ADM Jizzakh” ва “BYD Uzbekistan Factory” компаниялари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун жами 68,4 миллион доллар инвестиция йўналтиришни режалаштирган. Мазкур ташаббуслар доирасида 23 та корхона фаолиятини йўлга қўйиш, жумладан, маҳаллий тадбиркорлар билан кооперация асосида 6 та янги корхона ташкил этиш ҳамда 54 турдаги бутловчи қисмни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган. Бу рақамлар ортида янги ишлаб чиқариш занжирлари, тадбиркорлик учун қўшимча имкониятлар ва саноат ҳамкорлигининг кенгайиши мужассам.


“ADM Jizzakh” МЧЖ негизида Lada ва Renault автомобилларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасига эса 64 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган. Корея Республикаси ва Хитой билан ҳамкорликдаги умумий қиймати 400 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида KIA, Chery ва Haval брендлари остида 15 дан ортиқ турдаги енгил автомобиль ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Бу каби ташаббуслар вилоятда автомобилсозликнинг кўлами ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Айни пайтда эътибор фақат тайёр автомобиль ишлаб чиқариш билан чекланмаяпти. Автомобилсозликнинг муҳим бўғини бўлган бутловчи қисмлар саноатини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Вилоятда пластик деталлар, ўриндиқлар, электр кабеллари, кузов қисмлари учун штамплар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича 10 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу эса импортга қарамликни камайтириш ва маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Жиззах шаҳридаги “Jinting Automobile Electric” МЧЖ хорижий корхонасида енгил автомобиллар учун электр кабеллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йиллик қуввати 210 минг донани ташкил этувчи корхонада 250 та янги иш ўрни яратилди. Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳамкорлигидаги “ADMC DASAN” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонада эса автомобилларнинг ички ва ташқи қисмлари учун пластик деталлар ишлаб чиқариш ташкил этилди. Йилига 50 миллион дона маҳсулот тайёрлашга мўлжалланган мазкур корхонада яна 60 киши иш билан таъминланди.


Бир қарашда, бу рақамлар оддий ишлаб чиқариш кўрсаткичларидек туюлиши мумкин. Аслида эса уларнинг замирида янги касб ва малака эгаллаётган инсонлар, кенгаяётган тадбиркорлик имкониятлари ҳамда маҳаллий саноатнинг тобора мустаҳкамланаётган пойдевори бор. Ҳар бир янги корхона ва ўзлаштирилган технология ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳиятига қўшилган ҳиссадир.
Энг муҳими, Жиззахда автомобилсозлик атрофида ўзаро боғланган корхоналар тизими шаклланмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро таъминот занжирларига кириб бориши, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаши ва хорижий ҳамкорлар билан тажриба алмашиши учун янги имкониятлар очилмоқда. Ана шу жараённинг изчил давом этиши вилоят саноатининг келгуси тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири