Инклюзив таълим синфлари мавжуд мактаблар сонини 3 мингдан ошириш режалаштирилган
Сўнгги йилларда юртимизда алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг таълим олиши, ижтимоийлашуви ва жамиятга мослашиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада инклюзив таълим тизими тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда инклюзив таълим синфлари жорий этилган мактаблар сони 2 минг 610 тага, қамраб олинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар сони эса 6,8 минг нафарга етган. Янги ўқув йилидан бу кўрсаткични 3 минг 249 та мактаб ва 8,5 минг нафар ўқувчига етказиш режалаштирилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Умумтаълим мактабларида алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларга яратилаётган шарт-шароитлар ва истиқболдаги режалар” мавзусидаги давра суҳбатида соҳадаги ишлар таҳлил қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда Болалар учун қулай ва хавфсиз таълим муҳитини яратиш мақсадида 1 минг 778 та мактабда “тўсиқсиз муҳит” ташкил этилган бўлиб, 1 минг 171 дан ортиқ мактабда коррекцион хоналар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, янги қурилаётган, реконструкция ва капитал таъмирдан чиқарилаётган мактабларни инклюзив таълим талабларига мослаштириш белгиланган.
Мактабгача таълим тизимида ҳам инклюзив ёндашув кенгаймоқда. 2025 йил январидан тажриба-синов тариқасида бошланган ишлар натижасида ҳозирда 248 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 519 та инклюзив гуруҳ фаолият юритмоқда. Уларга 1 минг 753 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола жалб этилган.

Бундан ташқари, уйда таълим олаётган болаларни таълимга жалб этишга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Ўрганишлар натижасида 2 минг 290 нафар ўқувчи оммавий синфларда, 3 минг 788 нафари инклюзив таълим синфларида ўқиш истагини билдирган. Бугунга қадар 1,5 минг нафар бола мактабларнинг умумий синфларига қабул қилинган, қолган 883 нафар болани эса таълимга жалб этиш ишлари давом этмоқда.
“Меҳрли мактаб” тизими эса узоқ муддатли даволанишга муҳтож болалар учун муҳим ижтимоий лойиҳага айланган. Ҳозирга қадар ушбу муассаса ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан 31 минг 209 нафар болага таълим-тарбия хизматлари кўрсатилган. Тизимни янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда “Меҳрли мактаб”нинг Самарқанд вилояти филиали фаолиятини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Давра суҳбати давомида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, умумтаълим мактабларида инклюзив ўқитиш марказларини ташкил этиш, ижтимоий психологлар, логопедлар ва дефектологлар тайёрлаш борасида қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА