Президент совғалари таълим муассасаларига етказилмоқда
Навоий вилоятида 2026-2027 ўқув йилини муносиб кутиб олиш, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда биринчи синфга қадам қўядиган болажонларга муносиб шароит яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Фарзанднинг мактабга илк бор бориши унинг ҳаётидаги энг муҳим ва ҳаяжонли воқеалардан бири. Шу боис, мамлакатимизда болаларнинг таълим олиши учун муносиб шароит яратиш, уларни мактаб таълимига кенг жалб этиш ва илк қадамларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Президент совғаси” ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Зеро, болажонларнинг қўлига илк бор дафтар-у қалам тутиши, елкасига янги сумка осиб мактаб сари йўл олиши унинг хотирасида бир умрга муҳрланадиган унутилмас лаҳзадир.

2026-2027 ўқув йилида Навоий вилоятидаги 367 та умумтаълим мактабининг 1-синфига 22 минг 209 нафар боланинг қабул қилиниши режалаштирилган. Шу муносабат билан adm.maktab.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтган бўлажак биринчи синф ўқувчилари учун тайёрланган Президент совғалари таълим муассасаларига босқичма-босқич етказилмоқда.

“Президент совғаси”дан жами 12 турдаги ўқув қуроллари, жумладан, ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, оддий ва рангли қаламлар, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, ўчирғич, акварель бўёқлари, елим ҳамда қаламдон каби зарур жиҳозлар ўрин олган.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири