Низоларни муроса билан ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди
Низоли вазиятларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг чуқурлашиб кетишининг олдини олиш ва тарафларни муросага келтириш маҳаллада тинчлик ва осойишталикни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, оилавий низоларни судгача ҳал этиш, тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда келишувга эришишда медиация институти имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гулистон давлат университетида мазкур масалаларга бағишланган семинарда маҳаллаларда низоли вазиятларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва медиация орқали ҳал этишнинг ҳуқуқий механизмлари муҳокама қилинди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети масъулларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ҳужжатларда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини кучайтириш, низоли вазиятларни эрта аниқлаш ва аҳоли муаммолари билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Б. Умаров жойларда аҳоли билан манзилли ишлаш, низоли вазиятларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда маҳалла тузилмаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат идоралари, маҳалла масъуллари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи И. Қудратов соҳадаги қонунчилик талаблари, медиация институтини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда хорижий тажриба ҳақида маълумот берди.
Семинарнинг асосий мавзуларидан бири оилавий низоларни медиация орқали ҳал этишга бағишланди. Тошкент давлат юридик университети профессори А. Ҳақбердиевнинг маърузасида «Медиация тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, медиациянинг ҳуқуқий асослари ва уни амалиётда қўллаш тартиби тушунтирилди.

Таъкидланганидек, медиациянинг муҳим жиҳати шундаки, низолашаётган тарафлар муаммони судга олиб бормасдан, бетараф медиатор кўмагида ўзаро мақбул ечимга келиш имкониятига эга. Бу айниқса оилавий низоларда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бундай ҳолатларда масаланинг ҳуқуқий жиҳати билан бир қаторда, оилавий муносабатларни сақлаб қолиш, фарзандлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва тарафлар ўртасидаги келишмовчиликнинг янада чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик ҳам муҳим. Шу маънода, маҳалла тизими медиация имкониятларидан фойдаланишда муҳим бўғин ҳисобланади. Низонинг сабабларини жойида ўрганиш, тарафлар билан алоҳида мулоқот қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тушунтириш ҳамда зарур ҳолларда мутахассисларни жалб этиш низонинг катта муаммога айланиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Тадбирда маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, оилавий низоларни барвақт аниқлаш ва уларни медиация йўли билан ҳал этишда фаол иштирок этиб келаётган 5 нафар маҳалла масъули Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Семинар давомида иштирокчилар амалиётда учраётган ҳолатлар юзасидан мутахассисларга саволлар билан мурожаат қилиб, медиация жараёнини ташкил этиш, тарафларни муросага келтириш ва низоларни судгача ҳал этиш механизмлари бўйича зарур тушунтиришлар олдилар.

— Бугун низоларни фақат суд тартибида ҳал этиш эмас, балки уларнинг олдини олиш, тарафларни муросага келтириш ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш муҳим. Зеро, низони ҳал қилишнинг энг яхши йўли — уни катта муаммога айлантириб, судга олиб бориш эмас, балки илдизидаёқ муроса билан бартараф этишдир. Медиация эса ана шу имкониятни беради. Айниқса, оилавий низоларда муроса нафақат икки тараф, балки фарзандлар ва оила келажаги учун ҳам муҳим. Шу боис маҳалла масъулларининг низоли вазиятларни барвақт аниқлаши, тарафлар билан тўғри мулоқот ўрнатиши ва зарур ҳолларда медиация механизмларидан самарали фойдаланиши катта аҳамиятга эга. Бугунги семинар ҳам фақат назарий билим билан чекланиб қолмасдан, маҳаллаларда учраётган низоларга амалий ечим топиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва муроса маданиятини юксалтиришга хизмат қилади, — деди Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг масъул ходими Дилноза Умрзоқова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири