Индонезия бозорида Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш катта
Юртимизда етиштирилаётган сархил мева-сабзавот маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб кун сайин ортиб бориши билан бир қаторда, аграр тармоқда қўлланилаётган технологиялар шу билан бирга маҳсулот сифатига бўлган эътибор ҳам кучаймоқда.
Шу кунларда Индонезия карантин идораси (IQA) инспекторларидан иборат делегация вакиллари Тошкент вилояти ҳудудларидаги лимон етиштирувчи фермер хўжалиги ва қуритилган мева маҳсулотларини қадоқловчи корхона фаолияти билан танишди.
Хусусан, Нурафшон шаҳридаги "FOOD AGRO" корхонасида ҳозир майиз, ўрик ва олхўри каби маҳсулотлар замонавий усулда қадоқланиб, Россия, Литва, Латвия, Эрон ва Дубай каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ташриф давомида ўзаро фикр алмашилиб, жаҳон бозоридаги эҳтиёжлар ва импорт маҳсулотларга қўйилаётган фитосанитария талаблари юзасидан маълумотлар тақдим этилди. Жараёнда индонезияликлар мева етиштириш ва уни қайта ишлаш босқичларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолади.

— Мақсадимиз Ўзбекистонда етиштирилаётган гилос, лимон, қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларининг Индонезия талабларига мувофиқлиги, хусусан озиқ-овқат хавфсизлиги ва фитосанитария талабларини ўрганишдир, — дейди Индонезия карантин идораси катта инспектори Ратиҳ Раҳаю. — Жараёнларда экспортчилар корхоналарнинг Индонезиянинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва фитосанитар талабларини бажара олишини текширяпмиз. Индонезия бозорида Ўзбекистон маҳсулотларига қизиқиш катта. Чунки юртингиз маҳсулотлари анча сифатли. Улар озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига жавоб бера олади, деб ўйлайман. Чунки давлатингиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш ва хавфсизлик талаблари жуда қатъий.
Дастлабки хулосаларга кўра, мамлакатимизда етиштирилган ҳўл ва қуритилган мевалар учун янги экспорт бозорлари очилади, маҳсулотлар Индонезияга етказиб берилади. Бу эса ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, ташқи бозорлар географиясини кенгайтириш ва мамлакатга валюта тушумларини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА