Имтиҳонлар шаффоф ва юксак тайёргарлик асосида ўтди
Сирдарё вилоятида "Жасорат мактаблари"нинг 5-синфига ўқувчиларни қабул қилиш бўйича биринчи босқич тест синовлари очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида юқори савияда ташкил этилди.
Республика бўйлаб бир вақтнинг ўзида ўтказилган имтиҳонларда номзодлар она тили ва математика фанларидан тест синовларини топширишди. Сирдарё вилоятида тест жараёнлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят ҳудудий бўлими биносида барча ташкилий-ҳуқуқий талабларга мувофиқ амалга оширилди.
Жорий йилги қабул жараёнида вилоятнинг 11 та шаҳар ва туманидан жами 1118 нафар 5-синф ўқувчиси иштирок этди. Имтиҳонларни ташкил этишда хавфсизлик чораларини таъминлаш, белгиланган тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш ҳамда баҳолаш жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Барча аудиториялар зарур техник воситалар билан жиҳозланиб, иштирокчилар учун тенг ва холис шарт-шароитлар яратилди.
Қабул жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ота-оналар учун ҳам қулайлик яратилди. Улар фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини онлайн тарзда кузатиш имкониятига эга бўлишди. Бу эса баҳолаш жараёнининг адолатли ва холис ўтаётганига бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.
[gallery-30185]
— Бугун ўғлим Бобуржонни "Жасорат мактаби"га кириш имтиҳонига олиб келдим. Жараёнлар юксак даражада ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, ота-оналар учун онлайн кузатиш имконияти яратилгани бизга катта хотиржамлик бағишлади. Бу фарзандларимизнинг билими холис баҳоланаётганига бўлган ишончимизни янада оширди. Барча болаларга омад тилайман. Уларнинг орасидан муносиблари сараланиб, келажакда Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган билимли ва жасур ёшлар етишиб чиқишига ишонаман, — дейди гулистонлик Назира Мелиева.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, имтиҳон жараёнларини ташкил этишда белгиланган талабларга қатъий амал қилинди. Барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратилгани билимли, иқтидорли ва салоҳиятли ўқувчиларни холис саралаб олишга хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, Сирдарё вилоятининг 11 та шаҳар ва туманида фаолият юритаётган "Жасорат мактаблари"нинг ҳар бирига 26 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Саралаш жараёнлари бир неча босқичда амалга оширилиб, унда номзодларнинг билим даражаси, интеллектуал салоҳияти, мантиқий фикрлаш қобилияти ва умумий тайёргарлиги ҳар томонлама баҳоланади.
Якуний натижаларга кўра энг муносиб номзодлар "Жасорат мактаблари" сафига қабул қилинади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА