Жиззах вилояти Солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди
Жиззах вилояти солиқ органларида навбатдаги кадрлар тайинлови амалга оширилди. Янги раҳбар зиммасига давлат бюджети даромадларини барқарор таъминлаш, рақамли солиқ маъмуриятчилигини ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектларига хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар юклатилди.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат раҳбарининг иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалари ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Жиззах вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига Анваров Алишер Ҳайбуллоевич тайинлангани эълон қилиниб, у жамоага таништирилди.

Алишер Анваров 1982 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. Олий маълумотли мутахассис меҳнат фаолиятини 2005 йилда солиқ хизмати тизимида инспектор сифатида бошлаган. Кейинги йиллар давомида соҳанинг турли бўғинларида масъул лавозимларда самарали фаолият юритган.

Йиғилишда қайд этилганидек, иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида вилоят солиқ органлари олдида турган вазифалар янада кенгаймоқда. Шу муносабат билан янги раҳбар зиммасига давлат бюджети даромадларини барқарор таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, рақамли солиқ маъмуриятчилигини янада ривожлантириш, тадбиркорларга қулай ва сифатли хизматлар кўрсатиш ҳамда ҳудуднинг инвестиция жозибадорлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар юклатилгани таъкидланди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири