“London Post”: Самарқанд саммити болалар фаровонлиги йўлидаги глобал устувор вазифаларни белгилаб берди
Британиянинг “London Post” ахборот порталида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган болалар фаровонлигига инвестициялар киритиш масалаларига бағишланган халқаро саммит якунларига оид мақола эълон қилинди.
Унда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ҳар бир боланинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ташаббуслар халқаро ҳамкорликнинг муҳим устувор йўналишлари сифатида эътироф этилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мақолада БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси тамойилларига содиқликни яна бир бор тасдиқлаган Самарқанд декларациясининг аҳамияти алоҳида таъкидланган. Шунингдек, болаларни зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоя қилиш, рақамли маконда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, эрта ривожланишни қўллаб-қувватлаш, инклюзив таълим имкониятларини кенгайтириш ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш каби муҳим вазифаларга эътибор қаратилган.
Нашрда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва ҳар бир боланинг ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишга қаратилган чақириқлари ҳам эътироф этилган. Шу билан бирга, Биринчи хоним Зироат Мирзиёева ташаббуси билан Самарқандда очилган “ИМКОН” маркази фаолияти ҳақида ҳам сўз борган. Марказ болаларнинг саломатлигини тиклаш, реабилитация хизматларини ривожлантириш ва алоҳида эҳтиёжга эга болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга яққол мисол сифатида қайд этилган.
Келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йил давомида марказлар тармоғида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулот ўтказилган, амбулатор реабилитация хизматлари эса 3 777 нафар болани қамраб олган.
Самарқанд саммитида илгари сурилган ташаббуслар ва амалий натижалар болалар фаровонлигини таъминлаш нафақат ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши, балки барқарор келажак ва инсон капиталини ривожлантиришнинг асосий шарти эканини яна бир бор намоён этди. “London Post” нашрида ёритилган ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ва тенг имкониятларга асосланган муҳит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларига халқаро эътиборни жалб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА