Ўзбекистон ёшлар делегацияси Озарбайжонда
Хоразм вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Олимов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар делегацияси айни кунларда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш, ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёшларимизнинг илк манзили “Gənclər mərkəzi” бўлди. Ўзбек тилида “Ёшлар маркази” деб аталадиган ушбу масканда делегация аъзолари марказ фаолияти, ёшлар учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди.

Шунингдек, марказда Ўзбекистон ва Озарбайжон ёшлари ўртасида самимий мулоқотлар, ижодий учрашувлар ҳамда ўзаро тажриба алмашиш жараёнлари ҳам ўтказилди.

Боку ёшлар ва спорт бошқармаси раҳбари Деняр Теймурлу билан самимий мулоқот чоғида эса икки ўлка ўртасида ёшлар сиёсати, спорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ёшлар ўртасида тажриба алмашинувини ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ёшлар делегациясининг Бокуга ташрифи доирасида Озарбайжон барқарор ва оператив ижтимоий таъминот агентлиги ҳузуридаги Инклюзив тараққиёт ва ижодкорлик марказининг инклюзив ривожланиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар учун яратилган имкониятлар билан ҳам танишилди.

Шунингдек, ёшларимиз вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчихонасига ҳам бўлишди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ташриф эса икки давлат ўртасида ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА