Ҳабибий ёдгорлик музейи ҳақида эшитганмисиз? (+видео)
Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг Пахтаобод филиали “Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейи” деб аталади. Ушбу маскан 1990 йилда Ўзбекистон халқ шоири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган.
Пахтаободнинг Қўқонқишлоқ маҳалласида 1890 йилда деҳқон оиласида таваллуд топган Ҳабибий ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган, забардаст ижодкорлардан бири эди.
Ким жаҳон бўстонида бир сен каби жонон топар,
Топса ҳар ким сен каби жононни гўё жон топар.
***
Бўлса меҳринг нури ҳар дилда қоронғу бўлмагай,
Чунки ул хуршиди раҳшону маҳитобон топар.
Ана шундай гўзал мисралардан иборат ғазаллари, бетакрор шеърлари билан шеърият ихлосмандлари қалбидан мустаҳкам жой олган Ҳабибий форс, араб тилларини мукаммал билган, ўз даврининг зукко, билимли, маданиятли кишиларидан эди. У дастлаб ўз қишлоғида эски усулдаги мактабда, кейин Андижон ва Қўқон мадрасаларида таҳсил олган.
Ҳабибий толиблик даврларидан бошлаб ғазаллар машқ қила бошлаган. Дастлабки машқларини Муқимийнинг дўсти бўлган қўқонқишлоқлик шоир Қори Зокир назаридан ўтказган, унга ижод борасида устозлик қилган.
Ҳабибий мумтоз адабиётимизни, хусусан, Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Жомий, Навоий, Бедил, Фузулий, Муқимий, Фурқат ижодини, айниқса, аруз вазнининг бадиий латофати ва бой имкониятларини чуқур ўрганган ижодкор эди.
Унинг адабий мероси ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, рубоий, туюқ, қасида ва достон сингари жанрларда ёзилган 40 мингдан зиёд байтдан иборат. Қолаверса, шоирнинг 100 дан зиёд ғазалига куй басталаниб, таниқли санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.
1971 йилда Ҳабибий ижодиётининг гултожи бўлган девони чоп этилди. Девонда шоирнинг 60 йиллик ижоди маҳсули бўлган шеър ва ғазаллари жамланган.
–Музей тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари, зиёлилар, адабиётшунослар ташаббуси билан 1990 йилда ҳашар йўли билан барпо этилган, – дейди “Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейи” мудири Шерали Алимов. – Бугунги кунда музейимизда Ҳабибий ҳаёти, ижоди, фаолиятига оид мингдан зиёд экспонат, қўлёзма, китоб ҳамда шоирнинг шахсий буюмлари сақланади.
Шарқ меъморчилиги асосида барпо этилган музейнинг бош устаси Пахтаободнинг Уйғур қишлоғилик уста Абдуллажон Раҳимов бўлган. Моҳир уста томонидан уймакорлик усулида тайёрлаган эшик ва устунлар бугунги кунда ҳам музейга кўрк ва ўзига хослик бағишлаб турибди.
Музейнинг кириш қисмида қад ростлаб турган Ҳабибий бюсти эса ҳайкалтарош уста Исмоилжон Юсупов томонидан ишланган.
–Музей қурилишида тумандаги каттаю кичик фаол иштирок этган, ҳар бир ташкилот имкон қадар моддий ёрдам кўрсатган, – дейди меҳнат фахрийси, ижодкор Камолиддин Ҳомидов. – Ўша пайтдаги туман раҳбари, маънавият ва адабиёт кўмакчиси бўлган Мунисхон Эргашева барча ишларга бош-қош бўлди.
Ўтган йиллар давомида музей устоз Ҳабибий даврида шаклланган Пахтаобод адабий гурунги ижодкорлари йиғиладиган, адабий кеча ва мушоиралар ўтказиладиган маънавият масканига айланди.
Маълумки, Ҳабибий Тошкентга кўчиб кетгунга қадар Пахтаободда андижонлик ижодкорлар Боқий, Маҳжурий, Анисий, Сайфий, Хуррам, Улфатлар билан тез-тез адабий гурунглар ўтказиб туришар, ана шундай гурунгларда Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Собир Абдулла сингари кўплаб ижодкорлар ҳам иштирок этишар, шу тариқа Пахтаобод адабий гурунги шаклланган эди.
1938 йил сентябр ойида Ўзбекистон ҳукумати буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлаш, шоирнинг ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни тўплаб нашр этиш ҳақида махсус фармон чиқаради. Тошкентда Навоий юбилей қўмитаси тузилади. Ана шу жараёнга ўзбек мумтоз адабиётидан яхши хабардор, араб-форс тилларини, хусусан, Навоий ижодини яхши биладиган олим ва ижодкорлар жалб этилади.
Ҳабибий ҳам ана шу ишларга жалб этилиб, Тошкентга кўчиб келади. Навоий таваллудининг 500 йиллигига тайёргарлик доирасида ташкил этилган комиссия таркибида ижодкор сафдошлари Боқий, Маҳжурий, Анисий, Сайфий, Собир Абдулла билан бирга фаолият юрита бошлайди.
Ҳабибий Тошкентга кетгач, Пахтаобод адабий гурунгининг фаолияти бир неча ўн йиллар тўхтаб қолади. Пахтаободлик ижодкорлар ташаббуси билан ўтган асрнинг саксонинчи йилларида адабий гурунг яна давом эта бошлайди.
Президентимиз 2023 йил декабрь ойида бўлиб ўтган республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқида: “Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини, эзгу ғояларни тараннум этишда ўзбек адабиёти бошқа маданият соҳалари учун ҳамиша мустаҳкам замин бўлиб келган” деган сўзларни бежиз айтмади. Чунки маънавият, маданият масканлари, ижод аҳли барча даврларда ҳам жамиятнинг пешқадам вакиллари сифатида юртошларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келган. Жумладан, Ҳабибий ёдгорлик музейи ҳам жуда кўп ижодкорлар, зиёлиларнинг шаклланишига, камол топишига хизмат қилган.
Музей ташкил этилганидан сўнг Пахтаобод адабий гурунги қатнашчилари сафи кенгайиб, адабий муҳит янада жонланди. Пахтаободдан вилоят, республика миқёсида танилган Мирзаҳамдам Убайдуллаев, Жўра Қўлдош, Акрамжон Ҳамроқулов, Оминахон Тожибоева, Камолиддин Ҳомидов, Ўрмонжон Нўъмонов, Матлубахон Юсупова, Дурбек Қўлдошев, Замирахон Кимсанова, Зулфира Нўъмонжонова сингари кўплаб ижодкорлар етишиб чиқди.
–Ҳабибийдек камтар, билимдон, юксак маданиятли, салоҳиятли ижодкорнинг ҳамюрти эканлигимдан фахрланаман, – дейди меҳнат фахрийси, ижодкор Ёқубжон Мирзаев. – Ҳабибийнинг ижоди нафақат менга, балки жуда кўп ижодкорларга илҳом бағишлаган.
Ҳабибий вафотидан сўнг туман жамоатчилиги, ижодкорлари томонидан Ҳабибий мукофоти таъсис этилди. Ҳабибий ижодий меросини тарғиб этишда фаоллик кўрсатган, адабиёт, назм йўналишида муайян ютуқларга эришган шоир, ёзувчи, журналист, ўқитувчилар, умуман, турли касб эгалари, ёш ижодкорлар ўн йиллар давомида ана шу мукофот билан тақдирланди. Ғолибларга диплом ва салмоқли пул мукофоти берилган.
[gallery-15827]
Минг афсуски, кейинги йилларда Ҳабибий номидаги мукофот берилмай қўйди, унутилди. Юртбошимиз ташаббуси билан маънавият, адабиётга алоҳида эътибор қаратилаётган, қолаверса, ана шу соҳаларнинг ёш авлодни билимдон, юксак маънавиятли, салоҳиятли инсон қилиб тарбиялашдаги ўрни ва ролидан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими Ҳабибий мукофотини вилоят миқёсида тиклаш масаласини кўтарса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Шу ўринда бугун Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейи жойлашган Пахтаобод тумани марказий маданият ва истироҳат боғига кирган ҳар қандай кишининг кўнгли ранжийди. Боғ ҳувиллаган, тароватсиз, кўримсиз ҳолатга тушиб қолган. Туман ҳокимлиги ўзига қўшни жойлашган, бир пайтлар ҳамиша гавжум ва файзли бўлган боғни ободонлаштиришга эътибор қаратади, деб умид қиламиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aEckdr18mys" title="Habibiy yodgorlik muzeyi haqida eshitganmisiz?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ҳабибийнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб эътирофини топган. У турли йилларда Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонлари, “Халқлар дўстлиги” ордени билан мукофотланган.
Соҳиби девон Ҳабибийнинг ижодий мероси ёш авлодни ҳамиша эзгулик сари еткалайди. У туғилиб ўсган Пахтаободда барпо этилган “Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейи” эса маънавият бешиги, адабиётни тараннум этувчи маскан сифатида авлодларга хизмат қилаверади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари