Францияда G7 саммити бошланди
Дунёнинг энг нуфузли етти давлати – Буюк Британия, Канада, Германия, Италия, Франция, Япония, АҚШ ва Европа Иттифоқидан вакиллар иштирокидаги саммитга бу гал Украина Президенти Владимир Зеленский, шунингдек Бразилия, Ҳиндистон, Кения, Жанубий Корея вакиллари ҳам таклиф қилинган.
“Reuters” агентлиги ёзишича, француз расмийлари анжумандан сўнг қўшма якуний коммюнике имзолаш режасидан воз кечиб, муҳим минерал ресурслар, миграция ва гиёҳванд моддалар савдоси каби масалалар бўйича қўшма баёнот эълон қилишни режалаштирган. G7 учрашуви Украина, Яқин Шарқ, глобал иқтисодий номутаносибликни бартараф этиш ва асосий етказиб берувчи Хитойдан бошқа муҳим минераллар таъминотчиларини топишга қаратилади.
Женева кўли бўйидаги Эвиан-ле-Бен шаҳрида бўлиб ўтадиган саммит 17 июнгача давом этади.

Афсуски, бу галги тадбир кунлари ҳам норозилик намойишлари ўтиши кутиляпти. Шу боис тартибни сақлаш учун тахминан 16 000 полициячи ва ҳарбий хизматчи, жумладан 4000 аскар сафарбар қилинган. Женева марказида ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Дўкон, банк ва супермаркетлар тартибсизлик эҳтимоли юқори бўлгани учун ёпилди. Жами 50 000 гача одам тўпланиши фараз қилинган. Улар Ғазо секторидаги уруш, глобал иқтисодий сиёсат ва G7 мамлакатлари таъсирига қарши чиқмоқчи. Расмийлар 2003 йилдаги воқеаларга ўхшаш қўзғолон такрорланишидан хавотирда.

– Франция саммит ҳудудида намойишга рухсат бермагани учун норозилик акцияси Женевага кўчирилди, – деб ёзган “Bild” газетаси.
2003 йил май ва июнь ойларида ҳам Женевага қўшни Эвиан шаҳрида G8 саммити бўлиб ўтган ва ўшанда ҳам глобализацияга қарши кенг кўламли намойиш уюштирилган. Тартибсизлик давомида полиция билан тўқнашув, Молотов коктейлидан фойдаланиш, тўсиқ (баррикада) қуриш, машина ёқиш, банк ва дўкон ойналарини синдириш билан боғлиқ нохуш ҳодисалар содир этилган. Полиция оломонни тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув тўпларидан фойдаланган. Натижада ўнлаб фуқаро жароҳатланган, юзлаб одам ҳибсга олинган.
С.Раҳимов, ЎзА