G7 саммитида нималар муҳокама қилинади?
Францияда бўлиб ўтадиган “Катта еттилик” (G7) давлатлари раҳбарлари саммити глобал сиёсий инқироз, Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги кескинлик мавзуларига бағишланади.
Эвиан-ле-Бен шаҳрида Франция раислигида ўтадиган ушбу олий даражадаги учрашувда глобал савдо зиддияти билан боғлиқ долзарб муаммолар ҳам диққат марказида бўлади. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берган. АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги урушга барҳам берувчи дастлабки келишув эълон қилингандан кейин саммитга қўшилмоқда.
Мезбон давлат халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида анжуманга G7 аъзоларидан ташқари Ҳиндистон, Украина, Миср, Қатар, Австралия, Бразилия, Кения ва Жанубий Корея етакчиларини ҳам меҳмон сифатида таклиф этган.
Шунингдек, жаҳон иқтисодиёти ва сунъий интеллект келажагини муҳокама қилиш учун “OpenAI”, “Google” ва “Anthropic” каби етакчи технология компаниялари раҳбарлари ҳам фаранг юртига келиши кутиляпти. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ташрифи ҳозирча аниқ эмас. Жанубий Африка Республикаси Ғазодаги вазият бўйича эгаллаган позицияси ҳамда мамлакатдаги оқ танли камчилик масаласида АҚШ билан келиша олмагани сабабли, таклиф этилган давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Вашингтон ЖАР ҳукуматини оқ танли фермерларни таъқиб қилишда айблаган. Бу даъво расман исботланмаган ва Президент Сирил Рамафоса томонидан бутунлай инкор этилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА