Фармацевтика маҳсулотларининг давлат хариди ягона электрон платформа орқали амалга оширилади
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда тиббиёт муассасалари вакиллари иштирокида мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харидларини амалга оширишда шаффофликни таъминлашга қаратилган вазифаларни бажаришга бағишланган йиғилишда сўз юритилди.
Йиғилишни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари Шерзод Муҳамедов ва Илҳомжон Умрзоқов олиб борди.
ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг давлат харидини очиқ, шаффоф ва самарали ташкил этиш соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Бу жараёнда замонавий электрон платформалардан фойдаланиш инсон омилини камайтириш, рақобат муҳитини кенгайтириш ҳамда давлат маблағларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Тадбирда Фармацевтика маҳсулотлари электрон савдо платформасининг (farma.uzex.uz) тақдимоти бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб платформа Андижон ва Наманган вилоятларида тест режимида ишлади. Эндиликда эса республиканинг барча ҳудудларида ишга туширилади. Барча тиббиёт муассасалари учун ташкил қилинаётган тренинг машғулотларида уларнинг вакиллари платформадан фойдаланишга ўргатилмоқда.
Электрон платформада электрон дўкон, аукцион, тендер функциялари бўлиб, давлат харидларининг барча босқичлари рақамли тарзда амалга оширилади. Бу эса жараёнларнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширади.
Давлат харидларини амалга ошириш учун масъуллар ва тиббиёт муассасалари вакиллари томонидан ушбу йўналишда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама қилиниб, уларнинг олдини олиш борасида тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Бундай тизимнинг яна бир муҳим афзаллиги харид жараёнида адолатли рақобатни таъминлашдир. Кўпроқ ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар иштирок этиши натижасида сифатли маҳсулотларни мақбул нархларда харид қилиш имконияти кенгаяди. Шу билан бирга, коррупция хавфлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Натижада давлат харидларининг шаффофлиги таъминланади, бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга эришилади, аҳоли эса зарур дори воситалари билан барқарор ва сифатли таъминланиши учун мустаҳкам асос яратилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА