Ёшлар салоҳияти – энергетика тараққиётининг асосий кучи
Бугун "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятида Ёшлар форуми бўлиб ўтди.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда тизимда меҳнат қилаётган энг фаол ёшлар иштирок этди.
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси Абдумалик Назиров ҳамда "Ўзэнергоинспекция" раҳбари Дадажон Исақулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, касбий ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бугун ўзининг амалий натижаларини бераётганини таъкидлади.

Абдумалик Назировнинг сўзларига кўра, бугунги кунда энергетика соҳасида кечаётган кенг кўламли янгиланишлар замонавий билим ва юксак салоҳиятга эга ёш кадрлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
– Бугун энергетика тизими жадал суръатларда ривожланмоқда. Янги электр тармоқлари қуриляпти, рақамли технологиялар кенг жорий этиляпти, ишлаб чиқариш жараёнлари модернизация қилиняпти. Бу ислоҳотларнинг муваффақияти, энг аввало, билимли, ташаббускор ва масъулиятли ёшларга боғлиқ. Биз ҳар бир ёш мутахассиснинг ташаббусини қўллаб-қувватлашга, уларнинг малакасини оширишга ва касбий ўсиши учун барча шароитларни яратишга интиламиз. Чунки мамлакатимиз энергетикасининг эртанги куни бугунги ёшлар қўлида, – деди Абдумалик Назиров.

Шундан сўнг сўз олган "Ўзэнергоинспекция" раҳбари, кўп йиллик тажрибага эга энергетик Дадажон Исақулов соҳада меҳнат қилаётган ёшларга ўзининг ҳаётий ва касбий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда муҳим тавсияларини билдирди.
– Энергетика катта масъулият талаб қиладиган соҳа. Бу ерда ҳар бир қарор, ҳар бир ҳаракат ортида миллионлаб истеъмолчилар манфаати туради. Шунинг учун ёш мутахассис, аввало, интизомли, билимга чанқоқ ва ҳалол бўлиши керак. Доимий ўқиш, изланиш ва ўз устида ишлаш инсонни етук мутахассисга айлантиради. Мен ишонаманки, бугун шу ерда ўтирган ёшлар мамлакатимиз энергетикасини янги босқичга олиб чиқадиган авлод бўлади, - деди Дадажон Исақулов.

Очиқ мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, соҳани янада ривожлантиришга доир таклиф ва ташаббусларини билдирди. Учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг ғояларини амалиётга татбиқ этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида энергетика тизимида самарали меҳнат қилаётган, ташаббускорлиги ва фаоллиги билан ибрат бўлаётган энг фаол ёшлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Форум сўнгида таниқли шоир Ориф Тўхташнинг Ватан, меҳнат, инсон қадри ва юрт тараққиётини тараннум этган шеърлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Таъкидлаш керакки, Ёшлар форуми мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлиб, энергетика соҳасида фидойи, билимли ва ташаббускор кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда тармоқнинг барқарор тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА