Америкада Риштон ўригига харидор кўпайди (+видео)
Фарғона вилояти Риштон туманида жами 3,5 минг гектар майдонда ҳосил бераётган боғ бор. Унинг 2 минг гектари ўрикзор. Ҳозир ўриклар узилди ва қайта ишланмоқда. Яъни қуритиляпти. Жаҳон бозорида табиий, қуёш нурида қуритилган баргак ва қантаки навли ўрикларга талаб кескин ошиб кетди. Бунинг сабаби аввало Риштон ўригининг шифобахшлиги ҳамда уни табиий равишда қуритилаётганидадир.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда тумандан 318 минг долларлик қуритилган ўрик маҳсулотлари экспорт қилинди. Маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Япония, Европа давлатлари ҳамда АҚШ бозорларига етказиб берилди.
Тумандаги Хуррамобод маҳалласи бу борада алоҳида ўрин тутади. Маҳалладаги 815 та хонадоннинг деярли барчаси ўрик қуритиш ва уни экспортга тайёрлаш билан шуғулланади. Ўтган йилнинг ўзида маҳалла аҳолиси томонидан тайёрланган қуритилган ўрик маҳсулотлари замонавий қадоқларда хорижий бозорларга йўналтирилди. Бу эса маҳалланинг иқтисодий фаоллиги ва экспорт салоҳияти тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

– Ўтган йили 50-60 тонна маҳсулот экспорт қилдик. Айни пайтда АҚШга ҳам маҳсулот етказиб бердик. Илгари Япония бозорига ҳам экспорт қилганмиз, – дейди тадбиркор Иномжон Қурбонов. – Бу мамлакатларда риштонлик қандаки ўрикнинг қадрини яхши билишади. Унинг таъми, сифати ва ўзига хос хусусиятлари бошқа навлардан ажралиб туради. Шу боис ташқи бозорларда ҳам унга талаб юқори.
– Маҳалламиз иқтисодиётининг асосий таянчи ўрикчилик ҳисобланади, – дейди “Хуррамобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фарҳод Солиев. – Бу соҳа аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Натижада маҳаллада бандлик таъминланиб, ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланмоқда. Бу йил ҳудудимизда ишсизлик ва жиноятчиликни бартараф этиш бўйича белгиланган мақсадларга эришишни кўзлаганмиз. Энг муҳими, маҳаллада етиштирилган маҳсулотларга ташқи бозорларда талаб ортиб бормоқда. Бугун улар Европа ва АҚШ каби давлатларга экспорт қилинмоқда, экспорт ҳажми эса йил сайин кенгаймоқда.
Экспортбоп маҳсулот тайёрлашда тадбиркорларнинг ҳиссаси ҳам катта. Ана шундай ташаббускорлардан бири Иномжон Қурбонов бўлиб, у ўз хонадонида ўрик қуритиш фаолиятини йўлга қўйган. Тадбиркор 30 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаган. Маҳсулотлар “Bek” бренди остида замонавий қадоқланиб, ташқи бозорларга чиқарилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, маҳсулотлар қуёш нурида табиий усулда қуритилади ва ҳеч қандай кимёвий ишловларсиз қадоқланади. Бу эса маҳсулотнинг экологик тозалиги ва сифатини таъминлаб, хорижлик харидорлар ишончини мустаҳкамламоқда.
Маҳсулотларнинг экспорт талабларига тўлиқ жавоб бериши учун фитосанитария назорати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Риштон тумани бўлими мутахассислари боғдан то экспорт жараёнигача бўлган босқичларда мунтазам мониторинг ишларини олиб бормоқда.

– Карантин инспекторлари боғбонлар билан ҳамкорликда ишни дарахтлар барг чиқаришидан олдин бошлайди, – дейди Риштон тумани карантин инспектори Илҳом Маматқулов. – Ҳар бир инспектор муайян ҳудудга бириктирилган бўлиб, баҳор мавсуми бошланиши билан боғларда касаллик ва зараркунандаларнинг олдини олиш чоралари изчил амалга оширилади. Ана шу тизимли ёндашув натижасида сифатли ва экспортбоп маҳсулот етиштирилмоқда. Бугун риштонлик боғбонлар етиштирган ўрик Америка ва Европа давлатлари бозорларида ҳам юқори баҳоланмоқда.
Илҳом Маматқуловнинг таъкидлашича, маҳсулотни қадоқлаш тизими ҳам халқаро талаблар асосида такомиллаштирилган. Илгари ўриклар ёғоч яшикларга жойланган бўлса, ҳозир махсус қоғоз қутиларда экспорт қилинмоқда. Қадоқларда маҳсулот бренди, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар, ўрикнинг хусусиятлари ва бошқа зарур ахборотлар акс эттирилади.

2026 йилда табиий равишда қуритилган ўриклар экспорти учун риштонликлар энг кўп шартномани Америка ва Япония тадбиркорлари билан тузди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_iNJXfcTA18" title="Amerikada Rishton o‘rigiga xaridor ko‘paydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА