Фарғонада “Ватанпарварлар” мусобақаси ғолиблари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона гарнизонида жойлашган Шарқий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмда “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада умумий ўрта таълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчилари ҳамда “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари иштирок этди. Беллашувлар давомида ёшлар жисмоний тайёргарлик билан бирга билим, тафаккур ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасидаги салоҳиятини намоён қилди.
Мусобақа дастури турли йўналишларни қамраб олди. Хусусан, “Билимдонлар” ва “Смарт сардор” шартларида иштирокчиларнинг билим даражаси ва тезкор фикрлаш қобилияти синовдан ўтказилди. “Ватан мадҳи” ҳамда сафда қўшиқ айтиш шартлари эса ёшларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шунингдек, “Турникда тортилиш” ва “Пресс” каби жисмоний машқлар иштирокчиларнинг чиниққанлиги ва бардошини намоён этди. “АК-74 автоматини нотўлиқ қисмларга ёйиб-йиғиш”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Мерганлар беллашуви” ҳамда “Арқон тортиш” шартлари ёшларнинг эпчиллиги, тезкорлиги ва жамоавий уйғунлигини синовдан ўтказди.
[gallery-28515]
“Жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш” шарти иштирокчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Мусобақа якунига кўра, биринчи ўринни Олтиариқ тумани жамоаси эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Фарғона тумани ва Қувасой шаҳри жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди. Мусобақа ёшларда Ватанга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА