Эроннинг “нефть юраги” қўлдан кетса нима бўлади?
Эрон харитасида Харк ороли катта эмас. Форс кўрфазида жойлашган бу кичик ҳудуд мамлакат нефть экспорти маркази ҳисобланади. Мутахассислар баҳолашича, хорижга сотиладиган нефтнинг қарийб 90 фоизи айнан шу жойдан жўнатилади. Демак, Харк Эроннинг “нефть юраги” деб аталиши бежиз эмас. Дональд Трампнинг орол устидан назорат ўрнатиш ҳақидаги баёноти ҳам айни сабаб туфайли жиддий муҳокамага сабаб бўлди.
Гап шундаки, Харк оролида йирик нефть омборлари, қувур тармоғи тугайдиган нуқталар ва нефтни танкерга юклаш мажмуалари жойлашган. Агар бу инфратузилма ишдан чиқса ёки назорат бошқа куч қўлига ўтса, мамлакат экспорти жиддий зарар кўради, бюджет кучли зарба олади. Зеро, нефть даромади ҳамон Эрон иқтисодиётининг муҳим манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Эгаллаш бир масала, аммо оролни сақлаб туриш мутлақо бошқа вазифа. Харк Эрон соҳилидан атиги 25 километр масофада жойлашган. Яъни, оролдан Теҳронга ракета, дрон ва бошқа воситалар орқали доимий босим ўтказиш имкони пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар қандай ташқи куч назоратга олган тақдирда ҳам ҳудудни узоқ муддат ҳимоя қилиш беҳисоб ресурс, доимий ҳарбий иштирок талаб этади.
Эрон учун яна бир мураккаб танлов бор: орол учун кураш кучайса, мамлакатнинг энг муҳим нефть инфратузилмаси ҳам хавф остида қолади. Ҳар қандай кенг кўламли зарба нефть омборлари ва экспорт объектларига зарар етказиши мумкин.
Хуллас, Харк ороли атрофидаги баҳс фақат ҳарбий эмас, балки минтақадаги кучлар мувозанати, глобал нефть бозори ва мамлакат иқтисодиёти келажагига таъсир қиладиган стратегик нуқта ҳақидаги масаладир.
Мусулмон Зиё, ЎзА