Энг яхши инновацион ғоя ва лойиҳалар сараланди
Андижон давлат техника институтида Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ҳамда олий ўқув юртлари талабаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, илмий-техникавий салоҳиятини юксалтириш, илғор, инновацион ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони танловининг институт босқичи бўлиб ўтди.
Унда фаол ва ташаббускор талабалар ўзларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ҳудудий муаммоларга инновацион ечимлар таклиф этиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган инновацион ғоя ва лойиҳалари билан иштирок этди.

Талабалар томонидан тақдим этилган ғоя ва лойиҳалар махсус комиссия томонидан белгиланган низом талаблари асосида, комплекс тарзда баҳоланди. Баҳолаш жараёнида лойиҳанинг долзарблиги, амалий аҳамияти, инновацион ёндашуви, иқтисодий самарадорлиги ҳамда илмий асосланганлиги каби мезонларга эътибор қаратилди.

Якунда энг яхши деб топилган инновацион ғоя ва лойиҳалар муаллифлари танловнинг кейинги босқичига тавсия этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталиги – “InnoWeek.Uz” доирасида ўз эгаларига топширилади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.